Германия канцлери уруш хавфи остидаги Украинага боради
Олам
−
14 Февраль 2022
6102Германия канцлери Олаф Шольц бугун, 14 февраль куни Киевга ташриф буюради ва у ерда Украина раҳбарияти умид қилганидек, Москвага боришдан олдин хавфсизлик масалалари бўйича ўз позицияларини синхронлаштиради. Бу ҳақда ТАСС ёзмоқда.
Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебага кўра, Киев Шольцнинг 15 февралга мўлжалланган Москвага ташрифи олдидан ўз мамлакатига ташриф буюришини ижобий баҳоламоқда.
“Бизда унчалик катта умидлар йўқ, аммо бу Германия канцлери ва Украина Президенти [Владимир Зеленский] ўртасидаги биринчи узоқ муддатли мазмунли суҳбат бўлади”, дейди вазир.
Шольцнинг Украинага биринчи ташрифи олдидан Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок 7-8 февраль кунлари Киевга сафар қилган. Украинада у Кулеба билан учрашган, Донбассга ташриф буюрган. 12 февраль куни эса Ташқи ишлар вазирлари хавфсизлик ҳолати ва Германия канцлерининг бўлажак ташрифини телефон орқали муҳокама қилган.
Украиналик экспертларнинг фикрича, ташриф Киев билан қатор масалалар бўйича келишмовчиликлар фонида Шольц учун қийин бўлади. Хусусан, Германия расмийлари Украинага қуроллар берилишига қарши — Шольц ҳам, Бербок ҳам буни бир неча бор таъкидлаган.
Украинанинг баъзи вакиллари ҳатто Германияни “дўстларга хиёнат қилишда” айблаган. Украина томонининг қуроллар етказиб бериш бўйича талабларини рад этган Берлин Киевни бошқа соҳаларда, хусусан, гуманитар ва сиёсий соҳаларда қўллаб-қувватлашини кўрсатган.
Украина атрофидаги вазият кун сайин ўзгариб бормоқда. АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни босқинга тайёрланишда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтди. 30 дан ортиқ давлатлар фуқароларидан Украинага бормасликни сўрамоқда. АҚШ Киевдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни бошлаган.
Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этмоқда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия уруш ҳолатида эмаслигини ва Украина билан уруш қилиш ниятида эмаслигини айтмоқда. Вазир, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Россияга қарши “ташвиқот кампанияси” бошлаганликда айблаб, бундай ҳаракатлар Киевни мамлакат шарқидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ундашидан огоҳлантирди.