Германия чет элликлар учун фуқаролик олишни осонлаштирмоқчи
Олам
−
29 Март 2023
7508Германия қонунчилари яқин ойларда хорижликларга мамлакат фуқаролигини олишни осонлаштирадиган қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда CNBC хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатда қисқариб бораётган ишчи кучини ошириш мақсадида иммиграция сиёсатига шундай ўзгартириш киритилиши мумкин.
Қонун лойиҳаси мигрантларнинг Германияда 5 йил яшаганидан сўнг фуқаролик олиш учун ариза топширишини назарда тутади. Ҳозирда бу муддат 8 йилни ташкил этади.
Шунингдек, маҳаллий муҳитга интеграция қилиш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширган, масалан, немис тилини ўзлаштирган чет элликларга уч йилдан кейин худди шундай ариза топшириш имкони берилиши мумкин. Бундан ташқари, қонун лойиҳаси Европа Иттифоқига кирмайдиган мамлакатлар фуқароларига қўйилган қўш фуқаролик тақиқини ҳам бекор қилади. Ушбу қонун қабул қилинса, улар Германия фуқаролигини олиш учун ариза топшираётганда ўз мамлакати фуқаролигидан воз кечиши шарт бўлмайди.
Бундан ташқари, ҳозирда Германияда балл тизимига асосланган ва малакали ишчиларнинг мамлакатга киришини осонлаштиришга мўлжалланган иммиграция ислоҳоти ҳам кўриб чиқилмоқда. Бунда номзодлар Германияда тан олинган касбий малакага эга эканлигини исботлаши шарт бўлмайди. Улардан тегишли тажриба ва ваъда қилинган иш ҳақида маълумот талаб қилинади, холос.
Маълумот учун, Германияда 10 миллионга яқин одам (умумий аҳолининг тахминан 12 фоизи) мамлакат паспортисиз яшайди. Бу эса уларнинг сайловларда овоз бериши ёки муайян лавозимларни эгаллашига таъсир қилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь