Германия АҚШнинг ишига аралашмайди

Олам

image

Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг Берлин Украинага кассетали ўқ-дорилар етказиб бериш масаласида АҚШга “тўсиқ қўймаслиги” кераклигини айтди. Бу ҳақда у бугун, 9 июль куни ZDF телевидениесига берган интервьюсида сўз очди.

"Германияда бу турдаги ўқ-дорилар ҳали ҳам федерал ҳукумат томонидан тақиқлангани ва ГФР таъминотига қарши эканлиги тўғри. Аммо ҳозирги вазиятда Германия ҳукумати АҚШ йўлида тура олмайди”, деган Штайнмайер.

Шу билан бирга, Германия Президенти 2008 йилда мамлакат Ташқи ишлар вазири сифатида Ослода кассетали бомбаларни тақиқлаш бўйича халқаро конвенцияни имзолагани, шу боис бу баҳсларда холис муносабатда бўлганини таъкидлаган.

Маълумот ўрнида, кассетали ўқ-дорилар турли мақсадлар учун (танкга, пиёдаларга ва бошқаларга қарши) кўп миқдорда портловчи ўқ-дорилар билан юкланган зарядлар бўлиб, улар бомбалар, артиллерия снарядлари ва ракета каллаклари кўринишида кўплаб мамлакатлар армияларида ишлатилади. 2010 йил 1 августда кассетали ўқ-дорилар тўғрисидаги конвенция кучга кирган, уни 123 давлат имзолаган, шулардан 110 таси ратификация қилган. Мазкур конвенция билан давлатлар ҳеч қачон, ҳеч қандай шароитда бундай ўқ-дориларни ишлаб чиқармаслик, фойдаланмаслик ва ҳеч кимга бермасликка ваъда берган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 июль куни АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Қўшма Штатлар Украинага кассетали ўқ-дориларни ўтказишга қарор қилганини маълум қилганди. Шунингдек, у Киев Вашингтонга тинч аҳолига минимал таҳдид билан Америка кассетали ўқ-дориларини қўллаш бўйича ёзма кафолатлар берганини таъкидлади. Бироқ Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Буюк Британия АҚШнинг бу қарорига қарши чиқди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия АҚШ кассетали ўқ-дорилар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг