Германия 2029 йилгача миллиардлаб евродан қуруқ қолиши мумкин

Олам

image

Германиянинг янги ҳукумати яқин йилларда қонунчиликдаги ўзгаришлар туфайли солиқ тушумлари бўйича миллиардлаб еврога камайган даромадни бошдан кечиради. Бу ҳақда тадқиқотчиларнинг таҳлилига таяниб, “Deutsche Welle” хабар берди.

Германия Иқтисодиёт вазирлиги ишчи гуруҳининг ҳисоботига кўра, 2029 йилгача федерал ҳукумат кутганидан 33,3 миллиард еврога камроқ даромад олади.

Нашрга кўра, даромадларнинг камайишига асосий сабаб – аҳолига берилаётган янги солиқ имтиёзлари саналади. Жорий йилнинг апрель ойида Германия Иқтисодиёт вазирлиги эълон қилган прогнозга кўра, мамлакат иқтисодиёти 2025 йилда мутлақо ўсмаслиги , 2026 йилда эса атиги 1 фоиз ўсиши кутилмоқда.

Германия Молия вазири ва вице-канцлер Ларс Клингбайлга кўра, мамлакат сўнги йиллардаги энг катта модернизацияни бошламоқчи.

“Янги молиявий манёвр имкониятларини фақат иқтисодий ўсишни кучайтириш орқали қўлга киритиш мумкин. Шу сабабли, биз мамлакатимизнинг сўнгги ўн йилликлардаги энг катта модернизациясини бошлаяпмиз”, деган Клингбайль.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда бюджетни консолидация қилиш жараёни бошланган. 2025 йил баҳорги прогнозга кўра, умумий бюджет тақчиллиги 2,7 миллиард еврони ташкил қилади. Шундан 0,6 миллиард евро федерал ҳукумат ҳиссасига тўғри келади. Қолаверса, Германия ишбилармонлар ҳамжамияти ҳам солиқ енгилликларини кенгайтиришни қўллаб-қувватламоқда. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 май куни Бундестаг овоз беришнинг иккинчи босқичида Христиан-демократик иттифоқ раҳбари Фридрих Мерцни Германия канцлери этиб сайлаганди. Мерц сайланиши учун 316 овоз керак эди, у биринчи босқичда 310 та овоз, иккинчи босқичда эса 325 овоз олганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг