Геннадий Головкин Сауль Альвареснинг ожиз нуқтасини маълум қилди
Спорт
−
12 Сентябрь 2022
3186Профессионал бокснинг ўрта вазн тоифасида WBА ва IBF йўналишлари бўйича Жаҳон чемпиони қозоғистонлик Геннадий Головкин бўлажак рақиби Сауль Альвареснинг такаббурлигини, унинг асосий заиф томони деб атади. Бу ҳақда Геннадийнинг сўзларига таяниб, “BoxingScene” нашри хабар берди.
“Саулнинг энг катта ожизлиги такаббурлигидир ва у бу орқали жазоланиши мумкин. "Канело" мени умуман хавотирга солмайди. Инсонда кўп ёмон фазилатлар бўлса, булар унинг нормал ҳаёт кечиришига тўсқинлик қилади. Бу уни ташвишга солади. Биз буни ҳозир (Сауль мисолида) кўряпмиз. Охирги жангида у ғалаба қозониш учун рақибини нокаутга учрата олмади. Ҳакамлар энди “Канело”га ён босмаётгани қувонарли ҳол, албатта”, деган қозоғистонлик чемпион.
Геннадий Головкинниннг қўшимча қилишича, ҳакамларни Альвареснинг салобати олдингидек босмайди.
Қайд этиш керакки, Альварес ва Геннадий ўртасидаги тўқнашув XXI асрнинг энг катта қарама-қаршиликларидан биридир. Улар шу пайтгача ўзаро икки марта рингда учрашган. Дастлабки жанг 2017 йилнинг 16 сентябрь куни бўлиб ўтган ва тўқнашувни баҳолаб борган ҳакамлар 118–110, 113–115, 114–114 ҳисобида дурранг натижа қайд этилганини таъкидлаган. Орадан роппа-роса бир йил ўтиб Альварес ва Головкин яна бир бор тўқнашди. Бу сафар мексикалик боксчи қозоғистонлик рақибини мағлуб этди.
Орадан тўрт йил ўтиб, бокс олами икки буюк жангчи ўртасидаги учинчи, балки сўнги жангни кўрадиган бўлди. Ортда қолган 4 йил давомида Сауль дунёнинг энг кучли боксчиси рутбасини қўлга киритиб, уни йўқотиб ҳам бўлди. Мексикалик бор ёғи 32 ёш (ҳар ҳолда проф бокс учун унчалик катта эмас) эканлигини инобатга олсак, Жаҳон бокси чўққисига яна бир бор қайтиши мумкин. Аммо Геннадий Головкин аллақачон 40 ёшни қаршилаб бўлди. “Карвони” манзилга яқинлаб қолган “Triple G” Саулга қарши жангда борини ташлайди.
Маълумот учун, “Канело” ва Головкин ўртасидаги трилогия шу йилнинг 17 сентябрь куни Лас-Вегасда (АҚШ) бўлиб ўтади.
LiveБарчаси