Кирилловнинг ўлими. Ўзбекистонлик мигрантлар хавф остидами?
Таҳлил
−
16:25
309917 декабрь куни Москва шаҳрида ўз уйидан чиқиш арафасида портлатиб юборилган Россия Қуролли кучларининг Радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кириллов ва унинг ёрдамчиси Илья Поликарпов ҳақида маълумот берилганди. Генералнинг ўлимига УХХ алоқадорлиги расмий Киев томонидан расман тан олинмаган бўлсада, уларнинг бунга алоқадорлиги баъзи манбалар орқали ўзлари томонидан шип-шитилгани айтилди. кеча эса шу қотилликни ижро этишда гумонланиб, ўзбекистонлик 29 ёшли эркак қўлга олинди. Билдирилишича, мазкур Ўзбекистон фуқароси Украина махсус хизматларининг кўрсатмаси билан Москвага келган ва қўлда ясалган портловчи мосламани Игор Кириллов яшаган тураржой биносига кираверишда турган электр самакатга ўрнатган.
“Ҳарбий хизматчининг яшаш жойини кузатиш мақсадида у автомашина ижарага олиб, у ерда видеокузатув камерасини ўрнатган. Ушбу камерадан олинган кадрлар Днепр шаҳридаги Украина хавфсизлик хизматига онлайн тарзда узатиб турилган. Ҳарбий эшикдан чиқиб кетаётгани ҳақида видеосигнал олинганидан кейин портловчи қурилма масофадан туриб ишга туширилган”, дейилади хабарда.
Россия Тергов қўмитасининг версиясига кўра, ушбу жиноят учун Ўзбекистон фуқаросига 100 минг доллар миқдорида пул мукофоти ва Европа давлатларидан бирига чиқариб юбориш кафолатланган.
Ўзбекистон Россияга дарҳол маълумот берди
ТАСС ахборот агентлигининг хабар қилишича, мазкур қотиллик содир этилганидан сўнг, Россия хавфсизлик кучлари ўзбекистонлик ҳамкасбларига Игор Кирилловнинг ўлдирилишида гумон қилинаётган шахс ҳақида маълумот олиш учун мурожаат қилди. Қайд этилишича, Ўзбекистон томони тегишли сўровни олгач, Игорь Кирилловни ўлдиришда гумон қилиниб, Россияда қўлга олинган фуқаро ҳақидаги маълумотларни дарҳол Москвага юборган. Билдирилишича, бу шахс Ўзбекистондаги террорчилик ташкилотлари билан алоқада бўлмаган ва муқаддам жавобгарликка тортилмаган. Манбага кўра, Кирилловни ўлдирганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқароси Аҳмад Қурбонов исмли шахс бўлиб, ҳозирда унга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Россия Федерал хавфсизлик хизматининг жамоатчилик билан алоқалар маркази томонидан тарқатилган сўроқ видеосида Қурбонов Украина махсус хизматлари томонидан ёлланганини айтган. Гумонланувчи воқеа жойини кузатиш мақсадида автомашинани ижарага олиб, унга видеокамера ўрнатган. Қурилма Wi-FI орқали видео сигнални Днепрга яъни УХХ кучларига узатган. Қурбонов видеоёзувдаги кўрсатмаси давомида генерал Кириллов уйдан чиққанида дарҳол портловчи мослама тугмасини босганини тан олди.
Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси ҳам мазкур ҳолатга хабарларга муносабат билдириб, гумонланувчи шахс ҳақидаги маълумотни аниқлаштираётганини маълум қилди.
“Дипломатик ваколатхона қабул қилувчи давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари билан алоқада бўлиб, ушбу воқеани содир этганликда гумон қилинган шахс ҳақидаги маълумотни аниқлаштирмоқда”, дейилади хабарда.
Мигрантлар яна хавотирда?
Буюртмани Украина хавфсизлик хизматидан олганини айтаётган ёлланма қотил Ўзбекистон фуқароси эканлиги ойдинлашгач, қатор ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ўзбек сегментида турли хавотирлар пайдо бўлди. Уларга кўра, мазкур кейс баҳонасида Россиядаги ўзбек мигрантларга босимлар ва асоссиз чекловлар ортиши мумкин. Шуниям айтиш керакки, бундай хавотир ва тахминлар ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Чунки жорий йил бошида Москва вилоятининг Краснагорск шаҳрида жойлашган “Cроcус City Ҳалл”даги дахшатли терактни уюштиришда айбланган бир қатор тожикистонликлар туфайли Россиядаги тожикистонлик мигрантларга босимлар суний тарзда кучайиб кетганди.
Жаҳон матбуотига Медведевдан таҳдид
Ғарб нашрлари кўп эҳтимол бу қотиллик қонуний мудофаа ҳаракати ёки ўз-ўзини ҳимоя қилиш деб аташи табиий эди. Чунки Кириллов бир неча кун олдин Украина ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан Россиянинг салкам 3 йилдан буён давом этиб келаётган босқини давомида Украинанинг шарқий ва жанубий қисмларида 4800 маротаба кимёвий қуролдан фойдаланиш бўйича шахсан буйруқ берганликда айбланганди. Кутилганидек Тҳе Times нашри Кириллов ва унинг ёрдамчисига қарши содир этилган қотилликни “қонуний мудофаа ҳаракати” деб атади. Россиянинг собиқ президенти, Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев эса нашрнинг бундай ёндашувига нисбатан ўз услубида агрессив тарзда жавоб қайтарди.
“Украинага ҳарбий ёрдам бериш тўғрисида қарор қабул қилган барча НАТО расмийлари Россияга қарши гибрид ёки анъанавий урушда қатнашмоқда. Мен уларни санаб ўтмайман, айтишга арзимайди ҳам. Бу шахсларнинг барчаси Россия давлати учун қонуний ҳарбий нишон деб ҳисобланиши мумкин ва керак. Шунингдек, Россияга қарши жиноятларни содир этган шахсларнинг ҳар доим шериклари бор бўлган. Ва улар ҳам энди қонуний ҳарбий нишонга айланган. Булар орасида қўрқоқларча таҳририят орқасига яширинган "The Times" газетасининг шоқоллари ҳам бўлиши мумкин. Бу шуни англатадики, эҳтиёт бўлинг! Ахир, Лондонда кўп нарса содир бўлади ...” дея дўқ-пўписа қилган Медведев.
Юқорида айтганимиздек, мазкур воқеа ортидан Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларга босимлар ортиши ҳақида хавотирлар пайдо бўлмоқда. Шундай шароитда Давлат Думасининг МДҲ ишлари бўйича қўмитаси россияликларни мигрантофобиядан сақланишга чақирди.
Депутатларнинг фикрича, Россиядаги бундай тартибсизликлар “фақат Украина ва популистлар”га фойда келтиради. Хусусан, Қўмита раиси Леонид Калашников генерални ўлдиришга буйруқ берганларнинг иккита мақсади борлигини айтди – бу нафақат Россия Қуролли кучлари генералини ўлдириш, балки мамлакатда мигрантларга қарши тартибсизликлар келтириб чиқариш.
“Шунинг учун ҳамма нарсада ўзбекларни айблаш керак эмас. Агар рус бирор жойда бирор иш қилган бўлса, бу бизнинг мамлакатимизда ҳамма нарса ёмон деганими? Албатта йўқ, бу жуда ибтидоий қараш. Давлатлар ўртасидаги муносабатларни оддийгина бир ўзбекка боғлашдан фойда йўқ. Бизнинг вазифамиз бу ерга ишлаш учун келган барча муҳожирлар кўчада сарсон бўлмаслиги ва назоратсиз қолмаслигига ишонч ҳосил қилишдир”, дейди Калашников.
МДҲ ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Константин Затулин эса Россияда келаётган муҳожирларга фобия тўлқини фақат Украинага фойда келтиришини айтди.
Шунингдек, у Россияда амалдаги ўлим жазосига бир томонлама мораторийни бекор қилишни талаб қилди.
“Мен Конституциямизда болалар боғчалари, мактаблар, олий ўқув юртларида, шунингдек, ҳарбий амалиётлар чоғида ватанни ҳимоя қилаётган ҳарбийларимизга нисбатан терактлар уюштирган шахсларга судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилиши шарти билан ўлим жазосини жорий этишни кўп маротаба таклиф қилганман. Генерал Кириллов Мудофаа вазирлигимиз раҳбарларидан бири сифатида ўз бурчини бажарди. Унинг қотиллари кимнинг фуқароси бўлишидан қатъи назар, ўлим жазосини олишлари керак”, дейди депутат.
Затулиннинг фикрича, Крокусдаги теракт ва генерал Кирилловнинг ўлими Украина қасддан Марказий Осиёдан келган МДҲ давлатлари фуқароларини жиноятчи сифатида ишлатаётганини кўрсатади.
“Шундай экан, терактнинг иккинчи даражали мақсади муҳожирларга қарши тўлқин ва Россия ва Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқалар ўртасида можаро қўзғатишдир. Терактда Ўзбекистонни ва у билан муносабатларни айблашга уриниш, моҳиятан, Ўзбекистон Республикасини содир этилган жиноятга шерикликда айблашдир. Ҳақиқатан ҳам Президент Мирзиёевни генерал Кириллов қотилларига ёрдам берганликда кимдир гумон қиладими? Бундай далил йўқ. Лекин ўзбек ёки тожикдан қасос олишга даъват қилаётганлар билиб ёки билмай бировнинг буйруғини бажараётгани ҳақида мутлақо очиқ далиллар бор”, деди депутат.
LiveБарчаси