“Ғазодаги урушни тўхтатинг”. Исроиллик 600 нафар собиқ ҳарбий Трампга хат йўллади

Олам

image

600 нафар истеъфодаги исроиллик ҳарбий ва хавфсизлик ходими, жумладан собиқ разведка ва хавфсизлик хизматлари раҳбарлари АҚШ Президенти Дональд Трампга мурожаат қилиб, ундан Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга босим ўтказиб, Ғазодаги урушни тўхтатишни сўради. Бу ҳақда Трампга йўлланган хатга таяниб, BBC хабар берди.

Улар очиқ хатда ҲАМАС энди Исроил учун жиддий таҳдид эмаслигини таъкидлаб, Трампни Нетаньяхуни тинчликка ундашга чақирган. Уларнинг фикрича, Трампнинг исроилликлар орасида катта обрўси бор ва айнан у Исроил раҳбариятини урушни тўхтатишга кўндира олади. Хат “Исроил хавфсизлиги учун командирлар” ташкилоти номидан ёзилган ва уни собиқ бош вазир Эхуд Барак ҳам имзолаган. 

Хатда айтилишича, уруш дастлаб адолатли бўлган, аммо ҳарбий мақсадлар аллақачон эришилгани сабабли энди у ўз аҳамиятини йўқотган. Улар Трампни илгари Ливандаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатганини эслатиб, энди Ғазода ҳам худди шундай йўл тутишга чақирган.

Бу орада ҲАМАС ҳаракати вакиллари гаровдаги исроилликларнинг видеоларини тарқатмоқда. Видеоларда улар ҳолсиз, оч, чанқаган ва қийналаётгани кўринади. Исроил расмийлари уларнинг оғир аҳволда эканини таъкидлаб, ҲАМАСни уларни атайлаб қийнаётганликда айбламоқда. ҲАМАС эса гаровдагилар Ғазодаги оддий одамлар билан бир хил шароитда, овқат ва сув танқислигидан азият чекаётганини айтмоқда. Исроил халқаро ташкилотлардан, айниқса Қизил Хочдан бу гаровдагиларга ёрдам кўрсатишни талаб қилмоқда, бироқ Қизил Хоч уруш зоналарида ҳаракат қилиш учун ҳар икки томоннинг рухсати кераклигини билдирган.

Ғазодаги гуманитар вазият эса тобора ёмонлашмоқда. БМТ ва бошқа ташкилотлар очарчиликдан ўлим ҳолатлари ортаётганини айтмоқда, шу пайтгача 175 киши очликдан вафот этган, уларнинг 93 нафари болалар. 

Исроил Ғазога гуманитар ёрдам етказилишини таъминлаш учун баъзи жойларда ҳарбий ҳаракатларни вақтинча тўхтатганини айтди, бироқ ёрдам машиналарининг ҳаммаси манзилга етмаган. Баъзилар бу юклар Газодаги қуролли гуруҳлар ёки аҳолининг ўзи томонидан талон-торож қилинганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ҳукумати Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларни кенгайтириш, ҳаттоки бу ҳудудни тўлиқ босиб олиш имкониятини ҳам кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берилганди. Ҳарбий ҳаракатлар ҳатто гаровда ушлаб турилганлар жойлашган ҳудудларда ҳам амалга оширилади.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Исроил Ғазо ҲАМАС Биньямин Нетаньяху Эхуд Барак

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг