Ғазодаги можаролар фонида Гарвард университети президенти истеъфога чиқди
Олам
−
03 Январь
7662Гарвард университети президенти Клодин Гай истеъфога чиқди. Унинг ўринбосари Алан Гербер эса муваққат раҳбар этиб тайинланди.
Университет веб-сайтида эълон қилинган баёнотда олима аёл унинг кетиши Гарвард манфаатларига мос келиши ва президентга нисбатан норозиликлар фонида содир бўлганини билдирган.
“Гарвард манфаатлари йўлида мен истеъфога чиқдим, шунда бизнинг ҳамжамиятимиз шахсга эмас, балки институтга эътибор қаратиб, ушбу фавқулодда қийинчилик лаҳзасини енгиб ўтиши мумкин”, деган собиқ президент ўз баёнотида.
Гап шундаки, олдинроқ конгрессменлар профессор аёлни Фаластин-Исроил уруши бошланганидан бери академик ҳамжамиятда антисемитизм авж олишига қарши курашолмаганликда айблаган.
Хусусан, унинг АҚШ Конгрессидаги нутқи жиддий резонансга сабаб бўлиб, собиқ университет раҳбари яҳудийларни геноцидда айблаш Гарвард сиёсатининг бузилишими ёки йўқми, деган саволга аниқ жавоб бера олмаган.
Шунингдек, Клодин Гай ҲАМАСни қўллаб-қувватлаш ва антисемитистик баёнотлар бериш, яҳудийларга нисбатан тажовузкорона муносабатда бўлган талабаларни рағбатлантиришда айбланмоқда.
Маълумот учун, Гарвард АҚШ Таълим департаменти томонидан асосан яҳудий талабаларга нисбатан камситиш ҳолатлари учун тергов бошлаган 14 та таълим муассасасидан бири ҳисобланади.
70 дан ортиқ конгрессмен Гай ва Пенсилвания университети ректори Элизабет Меджилл ва Массачусетс технология институти ректори Салли Корнблутни ишдан бўшатишни талаб қилиб, очиқ хатга имзо чеккан.
Шунингдек, Гай лавозимини тарк этишига докторлик диссертациясида топилган плагиат ҳам сабаблиги айтилмоқда. У илмий ишларида кўчирмачиликда айбланган. Унинг 1998 йилда давлат бошқаруви бўйича докторлик даражасидаги илмий ишларида нотўғри иқтибос келтириш ҳолати топилиб, бир қатор тадқиқотчилар томонидан танқид қилинган.
2023 йилнинг июль ойидан эътиборан иш бошлаган Гай Гарвард университетига раҳбарлик қилган биринчи афро-америкалик аёл бўлган. Айни дамда гаитилик муҳожирларнинг фарзанди бўлган Клодин Гай ўқитувчилик қилмоқчилигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг ноябрь ойи бошларида Трамп бепул университет очиб, Гарварддан пул ундирмоқчи экани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси