Трамп бепул университет очиб, Гарварддан пул ундирмоқчи
Олам
−
02 Ноябрь 2023
4303АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп 2024 йилда қайта сайланса, олий таълимда “инқилоб” қилишни ва талабалар учун бепул онлайн университет ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда сиёсатчининг режаларидан хабар топган “Politico” газетаси хабар берди.
Трамп сайловолди ташвиқоти видеосида ўз лойиҳаси ҳақида гапирган. Унинг айтишича, университет "Америка академияси" деб номланади ва федерал бюджетдан молиялаштирилади. Сиёсатчи ўз лойиҳасини молиялаштириш учун Гарвард каби йирик хусусий университетлар маблағларига солиқ солишни таклиф қилган. Бу университетда таълим бепул бўлади ва ўқишни ташлаб кетганларнинг олий маълумот олишига ёрдам берилади (Қўшма Штатларда бундай одамлар 40 миллиондан ортиқ).
"Қўшма Штатлар олий таълимга бошқа мамлакатларга қараганда кўпроқ пул сарфлайди" деган Трамп.
Собиқ президентнинг режаларига кўра, "Америка академияси" талабаларга бошқа таълим муассасаларида илгари тугатилган курслар учун кредит ва федерал идораларга ишга қабул қилишда кўрсатиладиган дипломлар беради. Трамп сайловолди ташвиқоти расмийлари янги университетни ким назорат қилиши ҳалигача ҳал қилинмаганини айтмоқда. Университет фаолияти устидан назоратни давлат органларига, Президент томонидан тайинланадиган кенгашга ёки хусусий ташкилот томонидан молиялаштириладиган комиссияга топшириш режалаштирилган.
"Ушбу ғоя Жо Байденнинг ўқиш учун тўловсиз режасига қарама-қарши бўлиб, у моҳиятан юзлаб миллион долларлик талабалар кредити қарзини бекор қилади. Бу бошқа йўл. Биз триллионлаб маблағ сарфламасдан, арзон коллеж вариантларини тақдим этишимиз керак”, дейди собиқ президент штабидаги Politico манбаси.
Шунга қарамай, ўз лойиҳасини амалга ошириш учун Трампни Конгресс қўллаб-қувватлаши керак.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрь ойида АҚШ Президенти Жо Байден талабаларнинг кредит қарзларидан кечиш схемасини ишга туширганди. У ўн миллионлаб битирувчиларнинг 20 минг долларгача бўлган кредитларини ҳисобдан чиқаришни режа қилганди. Бироқ республикачилар Байденнинг қарорига қарши чиққанди. АҚШнинг олтита штатидан йиғилган гуруҳ 400 миллиард долларга тушадиган схемани солиқ тўловчиларга қўшимча оғирлик юклайди, деб ҳисоблаб, Байденга тегишли талабаларнинг кредитларини ҳисобдан чиқариш борасидаги қарорига қарши судга мурожаат қилган.
LiveБарчаси