Ғазодаги ҲАМАС етакчиси Исроил билан урушни тугатиш кафолатисиз келишувни қабул қилмайди – WSJ
Олам
−
03 Май
3813Фаластиннинг Ғазо секторидаги ҲАМАС ҳаракати етакчиси Яҳё Синвар Исроил билан “урушни тугатиш бўйича ишончли режа” бўлмаса, ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга рози бўлмайди. Бу ҳақда кеча, 2 май куни манбаларига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.
Манбаларга кўра, Синварнинг асосий мақсади ҲАМАС томонидан гаровга олинганлар эвазига Исроил қамоқхоналаридаги юзлаб, ҳатто минглаб фаластинликларни озод қилишдир. Шунингдек, у келишув ҲАМАСнинг анклавдаги мавжудлиги сақланиб қолиши ва ҳарбий ҳаракатларни тугатишга олиб келишини кутмоқда. Синвар "урушни тугатиш бўйича ишончли режа"сиз келишувга рози бўлмайди. Бундан ташқари, ҲАМАС ўт очишни тўхтатиш бўйича халқаро кафолатларни талаб қилади.
“Миср, Қатар ва Қўшма Штатларнинг кафиллиги ҲАМАС учун "етарсиз" кўринади”, деб таъкидлаган музокараларда иштирок этаётган нашр суҳбатдошлари.
Улар Синвар билан ҳам, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан ҳам музокара қилиш қийинлигини қўшимча қилишди.
"Унинг [Нетаньяхунинг] ягона мақсади ўзининг сиёсий омон қолишидир ва ҳамма нарса шундан келиб чиқади. Бу шуни англатадики, агар у қарор қабул қилса, ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни қўйиб юбориш бўйича келишув бўлмайди. У боши берк кўчада", дейди собиқ исроиллик дипломат Алон Пинкас.
WSJ суҳбатдошларининг айтишича, Синвар тирик қолиш-қолмаслигидан қатъи назар, у аллақачон урушда ғалаба қозонганига ишонади.
“Чунки у дунё эътиборини фаластинликларнинг азоб-уқубатларига қаратди ва можарони халқаро сиёсатнинг биринчи қаторига олиб чиқди", деб тушунтиради музокарачилар.
Уларнинг қўшимча қилишича, Ғазодаги ҲАМАС етакчиси минтақа блокадасини олиб ташлашга, Исроил ҳарбий босимидан халос бўлишга ва ҳаракатнинг давом этишини таъминлашга умид қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 27 апрель куни Миср Исроил томони билан келишилган ташаббусни ҲАМАСга топширди, бу ташаббус анклавда ўт очишни тўхтатиш эвазига Ғазода ҲАМАС томонидан гаровга олинган 20-40 кишини озод этишни назарда тутади.
LiveБарчаси