Ғазода ҳалок бўлганларнинг 74 фоизи болалар ва аёллардир – БМТ 

Олам

image

Исроилнинг оммавий ҳужумлари оқибатида Ғазо секторида ҳалок бўлган фаластинликларнинг 74 фоизи аёллар ва болалардир. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) баёнотида маълум қилинди.

UNRWA маълумотларига кўра, 7 октябрдан бери Ғазо сектори аҳолисининг қарийб 80 фоизига тенг 1,7 миллион фаластинлик ўз уйини ташлаб кетган.

21 ноябрь ҳолатига кўра, 1 миллион 37 минг кўчирилган фаластинлик Ғазо сектори, жумладан, шимолий қисмида жойлашган UNRWA’нинг 156 та объектидан бошпана топган. Ҳисоботда айтилишича, Ғазо секторининг марказий қисмларида ҳамда анклав жанубидаги Хон Юнус ва Рафаҳ ҳудудларидаги UNRWA’нинг 99 та объектида яна 877 мингга яқин кўчирилган одам қолмоқда.

Бундан ташқари, ташкилот 160 минг фаластинлик бошпана топган 57 та жойга кириш имконига эга эмаслигини маълум қилган.

Ҳисоботда айтилишича, Исроил кучлари 12 октябрь куни эвакуация қилишга қарор қилгунга қадар, 160 мингга яқин уй-жойини тарк этган фаластинликлар UNRWA’нинг Ғазо шаҳри ва шимолий анклавдаги 57 та ҳудудига жойлаштирилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Исроилнинг Ғазо секторига 7 октябрдан бери уюштирган зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 14 845 кишига етган, яна 36 000 киши жароҳат олган. Ҳалок бўлганлар орасида 6150 нафар бола ва 4 минг нафар аёл бор.

Эслатиб ўтамиз, 22 ноябрга ўтар кечаси бир неча соатлик муҳокамалардан сўнг, Исроил ва ҲАМАС ўртасида 4 кунлик сулҳга келишилганди. Унга кўра, 50 нафар гаровдаги шахс эвазига Исроил қамоқхоналаридаги 150 нафар фаластинлик озодликка чиқарилиши, 4 кун давомида ҳар икки томон ҳам ўт очишни тўхтатиши белгиланганди. Бугун, 24 ноябрь куни келишув кучга киргани хабар қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг