Ғазода ёрдам машинаси ағдарилиб кетди. 20 киши ҳалок бўлди
Олам
−
06 Август 2025 2998 2 дақиқа
Ғазо секторида озиқ-овқат юкларини олиб кетаётган гуманитар юк машинасининг ағдарилиб кетиши оқибатида 20 фаластинлик ҳалок бўлди. Ҳодиса давом этаётган гуманитар блокада вақтида юз берган. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.
Қайд этилишича, Исроил армияси инсонпарварлик ёрдамига киришни чеклашда давом этмоқда ва бу билан инсонпарварлик инқирозини янада кучайтирмоқда. Хусусан, Исроил қасддан чекланган миқдордаги ёрдам юк машиналарини очликдан азоб чекаётган фаластинликлар тўпланиб қолган ҳудудларга жўнатиб, уларни хавф остига қўйгани айтилмоқда.
“Исроил ишғолининг босими остида, атайлаб яратилган тартибсизлик шароитида Дайр ал-Балаҳ ҳудудида, илгари бомбаланган ва ўтиш қийин бўлган йўл бўйлаб гуманитар юк машинаси жўнатилди. Автомашина озиқ-овқат олишга уринаётган фаластинликлар устига ағдарилиб кетди. Фожиа оқибатида 20 киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар жароҳат олди”, дейилади Ғазо ҳукумати баёнотида.
Ғазо маъмуриятининг таъкидлашича, Исроил “оммавий очарчилик жиноятини содир этиш” орқали 2,1 миллион кишининг ҳаётини хавф остига қўйган ва озиқ-овқат, дори-дармон ва зарурий буюмлар етказиб беришга тўсқинлик қилишда давом этмоқда. Халқаро ҳамжамият “барча қизил чизиқларни кесиб ўтган” инсонийлик фалокатининг кучайиши фонида “жиноий сукунат”ни сақлаб қолаётгани алоҳида таъкидланди. Ғазо ҳукумати БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларини Исроил жиноятларини тўхтатиш, гуманитар ёрдамнинг тўсиқсиз ва сўзсиз киришини таъминлаш, барқарор ва хавфсиз асосда чегара ўтиш жойларини очиш учун зудлик билан аралашишга чақирди.
“Ҳаракатсизлик, сукут сақлаш ёки содир бўлаётган воқеаларга эътибор бермаслик Исроил томонидан Ғазода содир этилган жиноятларга бевосита ёки билвосита шерикликдир”, дейди маҳаллий ҳокимият.
Маълумот учун, 2023 йил 7 октябрдан бери Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида камида 61 020 фаластинлик ҳалок бўлди ва 150 671 киши жароҳатланди. 2024 йилнинг 18 мартида ўт очишни тўхтатиш келишуви бузилганидан бери Исроилнинг зарбалари оқибатида қўшимча 9519 киши ҳалок бўлди ва 38630 киши яраланди.
27 майдан бери АҚШ-Исроил Ғазо гуманитар жамғармаси ҳомийлигида ёрдам тарқатиш пунктлари очилган ҳудудларга уюштирилган ҳужумларда 1568 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 11230 нафари яраланди.
Исроил, Бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг сўзларига кўра, Ғазо секторини тўлиқ ва доимий босиб олиш режасини амалга оширмоқда.
Live
Барчаси