Ғазода Исроил қўшинлари тиббиёт ходимларини сабабсиз қийноққа солган – HRW
Олам
−
27 Август
3468Халқаро жиноий суд Исроил қўшинлари томонидан фаластинлик тиббиёт ходимларининг қийноққа солинганини текширади. Бу ҳақда Human Rights Watch (HRW) ташкилоти хабар берди.
Қайд этилишича, Исроил қўшинлари фаластинлик тиббиёт ходимларини Ғазо секторида сабабсиз ҳибсга олган ва уларни Исроилдаги ҳибсхоналарга жўнатган, у ерда шифокорларга қийноқ ва шафқатсиз муносабатда бўлишган. Бу амалиёт Исроилнинг Фаластин анклавидаги шифохоналарга кўплаб зарбалари билан бир қаторда Ғазонинг қамалдаги ҳудуди соғлиқни сақлаш тизимининг ҳалокатли деградациясига олиб келган. HRW’нинг Яқин Шарқ бўйича бўлими раҳбари Балқис Жарраҳнинг сўзларига кўра, бу ҳаракатлар Халқаро жиноий суд томонидан тўлиқ текширилиши ва тегишли жазога тортилиши зарур.
HRW 2023 йилнинг ноябрь-декабрь ойлари орасида Ғазода Исроил ҳарбийлари томонидан асирга олинган ва 7 кундан 5 ойгача ҳеч қандай сабабсиз ушлаб турилган саккиз нафар фаластинлик тиббиёт ходими билан суҳбат ўтказган. Ҳуқуқ ҳимоячилари, шунингдек, Исроил аскарлари ўз вазифаларини бажараётган тиббиёт ходимларини ҳибсга олганига гувоҳ бўлган камида етти гувоҳ билан гаплашган. Ташкилот 13 август куни Исроил ҳарбийлари ва Исроил қамоқхона хизматига тегишли сўровлар юборганини, аммо ҳалигача жавоб олмаганини таъкидлади.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йил 7 октябрдан бери Исроил кучлари камида 310 нафар фаластинлик тиббиёт ходимини ҳибсга олган ва уларнинг бир қисми қамоқхоналарда вафот этган. Ҳалок бўлганлар орасида Ғазо шаҳридаги Аль-Шифо шифохонаси жарроҳи доктор Аднан аль-Бурш ва Байт-Лахиядаги Камол Адван шифохонаси қошидаги аёллар тиббий маркази директори доктор Эяд аль-Рантиси ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Ғазога 125 та гуманитар ёрдам киришини рад этгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси