Ғазода алоқа қисман тикланди
Олам
−
29 Октябрь 2023
7543Ғазо секторида алоқа хизматларини тақдим этувчи Paltel компанияси бугун, 29 октябрь куни Исроил тажовузи туфайли узилиб қолган стационар, мобил ва интернет хизматлари аста-секин тикланаётганини маълум қилди.
“Бизнинг техник гуруҳларимиз қийин шароитларда ички тармоқ инфратузилмасига етказилган зарарни синчковлик билан ҳал қилмоқдалар”, дейилади телекомпания баёнотида.
“Al Jazeera” журналисти Мажид Абусаламанинг маълум қилишича, у ҳозир Ғазодаги онаси билан қийинчиликсиз боғланиши ва унинг овозини эшитиши мумкин.
“Ҳозир ҳамма ўз оиласи билан алоқа қилиши мумкин. Бироқ ҳеч ким бу қанча вақт давом этишини билмайди” дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Ғазо Исроилнинг йирик зарбаларидан кейин алоқа ва интернет билан боғлиқ жиддий муаммоларга дуч кела бошлади. Сектордаги асосий интернет провайдери NetStream ўз хизматларини кўрсатишни тўхтатди. Оқибатда Ғазода 27 октябрдан бери интернет бутунлай узилган.
Шу боис Фаластин миллий маъмурияти (ФММ) Илон Маскнинг SpaceX компанияси билан Starlink сунъий йўлдошлари ёрдамида Ғазо секторида алоқани тиклаш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
LiveБарчаси