Ғазода ҳалок бўлганлар 16 мингга етди
Олам
−
27 Ноябрь 2023
3271Исроилнинг блокададаги Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 16 мингга етди. Бу ҳақда Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Мэй Кайле маълум қилди.
“Ғазода 7 октябрдан бери ракета зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 16 мингга етди, яна 35 минг киши жароҳат олган”, деган Мэй Кайле “Al Hadath” телеканалига берган интервьюсида.
Аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) баёнотида Исроилнинг оммавий ҳужумлари оқибатида Ғазо секторида ҳалок бўлган фаластинликларнинг 74 фоизини аёллар ва болалар ташкил қилишини билдирганди.
UNRWA маълумотларига кўра, 7 октябрдан бери Ғазо сектори аҳолисининг қарийб 80 фоизига тенг – 1,7 миллион фаластинлик ўз уйини ташлаб кетган.
Айтиш жоиз, ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги сулҳ кучга кирганидан бери Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги қурбонлар ҳақида баёнот бермай қўйган эди. Вазирлик сўнгги бор жорий йилнинг 22 ноябрь куни Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 14 828 га етгани ҳақида хабар берганди.
Эслатиб ўтамиз, 22 ноябрга ўтар кечаси бир неча соатлик муҳокамалардан сўнг, Исроил ва ҲАМАС ўртасида 4 кунлик сулҳга келишилганди. Унга кўра, 50 нафар гаровдаги шахс эвазига Исроил қамоқхоналаридаги 150 нафар фаластинлик озодликка чиқарилиши, 4 кун давомида ҳар икки томон ҳам ўт очишни тўхтатиши белгиланганди. Бугун, 24 ноябрь куни келишув кучга киргани хабар қилинди.
LiveБарчаси