Ғазо секторида вазият кескинлашди
Олам
−
23 Февраль 2023
7209Бугун, 23 февраль куни Ғазо секторида зиддият кучайди ва ракета ҳужумлари амалга оширилди. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучларининг Тwitter’даги саҳифасида маълум қилинди.
Қайд этилишича, дастлаб Ғазо секторидан олтита ракета учирилган. Улардан бештаси Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан тутиб олинган, яна бир ракета эса очиқ жойга қулаган.
Шунингдек, Исроил ҳарбийлари ҳам Ғазо секторига зарба берган. Улар қирувчи самолётларни Ғазонинг марказий ва шимолида жойлашган “ХАМАС” террор ташкилотига тегишли қурол ишлаб чиқариш майдончаси ва ҳарбий қароргоҳга зарба бериш учун жўнатган.
Маълумот учун, кеча, 22 февраль куни Исроил ҳарбий кучларининг кундузги рейди давомида камида 11 фаластинлик ҳалок бўлган ва 100 дан ортиқ киши жароҳат олган эди. Исроил ҳукумати операцияни “яқин келажакда ҳужумларни режалаштираётган” уч гумонланувчини зарарсизлантириш учун амалга оширганини маълум қилганди.
Ғазо секторидаги вазият
Ғазо сектори Ўрта ер денгизи соҳилидаги Фаластин давлатининг бир қисми ҳисобланади. 2007 йилда 2,3 миллион аҳоли зич жойлашган ҳудуд “ХАМАС” томонидан эгаллангандан бери у ер Исроил блокадаси остида қолмоқда. Февраль ойи бошида ҳам Исроил армияси Фаластиннинг Ғазо ҳарбий сектори марказига авиаҳужум уюштирганди. Низо сабаб юзага келган тўқнашувларда ҳозиргача 3 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, 15 мингга яқин шахс жабр кўрган.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси