Ғазо 5-7 йил ичида тикланиши мумкин – ҲАМАС

Олам

image

Агар Ғазо сектори қўллаб-қувватланса ва анклавга кириш йўллари очилса, ушбу ҳудуд 5-7 йил ичида тикланиши мумкин. Бу ҳақда Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати вакили Сами Абу Зуҳрий Туркиянинг “Hurriyet” газетасига берган интервьюсида сўз очди.

Унинг таъкидлашича, вайроналарни тозалаш ва улар остидан ҳалок бўлганлар ва ярадорларнинг жасадини чиқариш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва механизмлар, шунингдек, тиббий жиҳозлар ҳали Ғазога етиб келмаган.

“Исроил шу йўл билан Ғазо аҳолисига босим ўтказмоқчи. Агар керакли ёрдам берилса, чегара пунктлари очилиб, барча керакли нарсалар етказилса, сектордаги реставрация ишлари 5-7 йил ичида якунланиши мумкинлигига ишонамиз”, деган у.

Шунингдек, у АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ғазога Америка қўшинларини юбориши ҳақидаги фикри бемаънилик ва фаластинликларни ҳақоратлаш эканини айтган.

“Умид қиламизки, Трампнинг бу сўзлари жиддий эмас. Биз йиллар давомида Исроил босқинидан озод бўлиш учун курашдик ва албатта, янги ишғолга йўл қўймаймиз. Биз Трампнинг баёнотларини адолатсиз ва ҳақоратли деб биламиз”, деган у.

Шу билан бирга, Абу Зуҳрий Америка Президентининг баёнотлари ҲАМАС томонидан ўт очишни тўхтатиш келишуви шартларини бажаришига таъсир қилмаслигини таъкидлаган.

“Биз келишувнинг биринчи босқичини амалга оширишни якунлашга қарор қилдик ва келишувларнинг иккинчи босқичи бўйича музокараларни бошлашга тайёрмиз”, деган у.

Қолаверса, ҲАМАС вакили Исроил Ғазода ўт очишни тўхтатиш келишуви талабларини бажармаётганини ҳам қўшимча қилган.

Маълумот учун, Исроил Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати, АҚШ ва Қатар вакиллари 16 январь куни кечқурун Доҳада Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни расман имзолади. 19 январь куни кечқурун ҲАМАС биринчи асирлар гуруҳини озод қилди. Улар уч нафар шахсдан иборат бўлган. Исроил эса 90 фаластинлик маҳбусни озод қилган. январь куни сулҳ келишувининг биринчи босқичи доирасида асир алмашишнинг иккинчи раундида Ғазо секторида сақланаётган тўрт нафар исроиллик аёл эвазига Исроил қамоқхоналарида сақланаётган 200 нафар фаластинлик озод қилинди. 1 февраль куни эса Исроил ҳукумати ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув доирасида 183 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди. Қолаверса, ўша куни ҲАМАС ҳаракати ҳам уч исроиллик гаровга олинган фуқарони Халқаро Қизил Хоч қўмитасига топширганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг