Ғазо. Ҳақиқат учун ҳалок бўлганлар
Таҳлил
−
27 Сентябрь
3045Тасаввур қилинг, атрофингизда бомбалар портлаяпти, узилган қўл-оёқлар сочилиб ётибди, деворлар қон билан қопланган, тез-тез қулоғингизга одамларнинг қичқириқлари эшитилиб туради. Этни жунжиктирадиган манзара, шундай эмасми? Аммо дунёда шундай касблар ҳам борки, улар билан шуғулланадиганлар нафақат ўзининг, балки бутун оила аъзоларининг ҳаёти таҳлика остида бўлишини била туриб, жанг майдонига ўз оёқлари билан боради. Халқаро ҳужжатларга кўра, дахлсизлиги таъминланиши керак бўлган бу инсонларининг кўпи уруш майдонидан қайтмайди. Улар – шифокорлар, гуманитар ходимлар ва журналистлардир. Бугун биз сиз билан Исроилнинг Ғазога 11 ойдан буён давом этаётган босқини оқибатида ҳалок бўлган журналистлар ҳақида суҳбатлашамиз..
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билдирган маълумотга кўра, журналистика дунёдаги энг хавфли касблар қаторида туради. 2023 йил 7 октябрда Исроил Ғазога босқини бошлангандан сўнг, бу сўзлар янада ҳақиқатга айланди. Уруш бошлангандан то жорий йил сентябрь ойига қадар, деярли бир йил ичида 41 мингдан ортиқ одам Ғазода ҳалок бўлди. Улар орасида 116 нафар журналист ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам бор. Уларнинг 111 нафари фаластинлик, икки нафари исроиллик ва уч нафари ливанлик. 33 журналист яралангани хабар қилинган. 2 нафари бедарак йўқолган. 52 журналист ҳибсга олинган. Бу ҳали ҳаммаси эмас, ҳозирда потенциал қотилликлар, ҳибсга олишлар ва жароҳатлар бўйича яна 350 та қўшимча ҳолатлар тергов қилинмоқда. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (ЖҲҚ) бу ҳолатни 1992 йилда маълумотлар тўплашни бошлаганидан бери журналистлар учун энг ҳалокатли давр бўлди, деб ёзмоқда.
“Ғазода уруш бошланганидан бери журналистлар ўз хабарлари учун энг қимматли нарса – ҳаётлари билан товон тўлашмоқда. Ҳимоя, асбоб-ускуналар, халқаро алоқа, озиқ-овқат ва сувсиз бўлсада, улар ҳали ҳам дунёга ҳақиқатни айтиш учун муҳим ишни бажармоқдалар”, деди Нью-Йоркдаги ЖҲҚ дастури директори Карлос Мартинес де ла Серна.
Шундай товонни тўлаган журналистлардан бири фаластинлик Муҳаммад Абу Хатаб эди. У билан содир бўлган воқеа бутун дунё томошабинларини таъсирлантирди. Фаластин маъмурияти телеканалида ишлайдиган журналист Салмон ал-Башир ҳамкасби Абу Хатабнинг ўлими ҳақида жонли эфирда йиғлаб хабар берди. У репортажни Хатаб ва унинг 11 нафар оила аъзоси ўлган шифохонада туриб узатди. Буни эшитган студиядаги бошловчи ҳам ўзини йиғидан тиёлмади.
Ахборот берар экан журналист ҳимоя кийимини ечиб ташлади. У журналистлар ҳимоя қилинмаётгани, “матбуот” ёзуви остидаги ҳимоя жилетлари ва шлемлари шунчаки нишон эканлигини айтди. Башир, Ҳатабнинг бундан 30 дақиқа олдин тирик бўлгани, Ғазодан туриб хабар берган журналистларнинг жонли эфир вақтида қурбон бўлаётганини қўшимча қилди.
Исроилнинг Ғазога берган зарбалари оқибатида журналистларнинг оила аъзолари ҳам ҳалок бўлмоқда. Жумладан, фаластинлик журналист Муҳаммад Абу Жассер онаси, рафиқаси ва камида икки фарзанди билан Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган.
Абу Жассер уруш бошланган куниёқ Ғазо шимолидаги ҳаво ҳужумлари ва дафн маросимлари ҳақида хабарлар узатишни бошлаган. 13 октябрь куни эса у Facebook’да “Мен ва бутун оилам учун биз кетмаймиз” деб ёзди. У шундай қалтис вазиятда ватанини ташлаб кетмади. Оқибатда даст аввал укасини ёқотди. Журналист укасининг дафн маросимидан узатган видео постига "Ғазодаги кундалик манзара" деб ёзиб қўйди. Орадан кўп ўтмай, вазифасини бажариш вақтида ўзи ҳам бутун оиласи билан ҳалок бўлди.
Фаластинлик журналист, Ал-Жазира ва Туркия давлат телерадиокомпанияси ва ТРТ телеканаллари учун мустақил оператор бўлиб ишловчи Саъди Мадух Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган. Унинг сўнгги лойиҳаси уруш пайтида фаластинлик болаларнинг Ғазодаги ўлими ҳақидаги видео эди. Мадух Ғазо шимолидаги уруш ҳақида Facebook да кўплаб постлар ёзган. Шундан постларидан бирида у "Менга мақсадларга эришиш қизиқ эмас, фақат уруш тугаши ҳақида қайғураман" деб ёзган. Вафоти куни эса “Биздан нима сўрасангиз, жавобимиз “Худога шукур” бўлади” деб сўнгги постини жойлаган.
Уруш сабаб дунёдан барвақт кўз юмган журналистлар орасида аёллар ҳам бор. Фаластин ОАВ Ассамблеясида журналист аёллар қўмитаси раҳбари бўлиш ишловчи Салом Мема шулар жумласидандир. Унинг ўлими 2023 йил 13 октябрь куни тасдиқланди. Журналистнинг жасади Жабалия қочқинлар лагеридаги уйига уюштирилган Исроил ҳаво ҳужумидан уч кун ўтиб, вайроналар остидан топилган.
2023 йил 21 ноябрь куни эса Ҳизбуллоҳга алоқадор Ал-Маядеэн телеканалининг ливанлик мухбири Фатеҳ Умар Ливан чегара яқинидан материал узата туриб ҳалок бўлган. Ушбу воқеага ҳам исроилликларнинг зарбаси сабаб бўлган. У Ливан-Исроил чегараси бўйлаб жанговар ҳаракатлар авж олгани ҳақида хабар берган ва ўлимидан бир соат олдин жонли эфирга чиққан.
Хабар узата туриб ҳалок бўлган ОАВ ходимларидан яна бири Al Jazeera телеканалининг оператори Самер Абу Даққа эди. У 2023 йил 15 декабрь куни Исроилнинг тунда Хон Юнис марказидаги бошпаналардан бирига берган зарбалари оқибатларини ўрганиш учун борганди. Аммо кадрларни узата туриб дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлди. У Исроил кучлари томонидан қуршаб олинган мактабда бошқа яраланганлар билан қамалиб қолган. Журналист тиббий ёрдамга муҳтож эди, аммо эвакуация қилишнинг имкони бўлмаган.
2023 йил 19 декабрь куни эса фаластинлик журналист нақт 25 нафар оила аъзоси билан ҳалок бўлди. Адел Зороб Ҳамасга алоқадор Ал-Ақса радиоси учун мустақил журналист сифатида ишлаган. У Рафаҳдаги уйига уюштирилган Исроил ҳаво ҳужуми сабаб вафот этган. Зороб ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига Ғазо уруши ҳақидаги хабарларни жойлаштириб борган. Унинг охирги хабари ўлимидан олдин юборилган. Associated Press маълумотларига кўра, 1,9 миллионга яқин одам, яъни ҳудуд аҳолисининг 80% дан ортиғи уруш сабаб уйларини ташлаб кетган. Аммо Зороблар оиласи ҳудудда қолган кам сонли фаластинликлар орасида эди.
“У дам олишни хоҳлади, аммо бу дам олиш абадий бўлиши керак эмасди”.
Фаластинлик журналистнинг укаси унинг ўлимини шундай аччиқ надомат билан эслайди. Бу журналист Аҳмад Хайриддин эди. У 2023 йил 28 декабрь куни Исроилнинг уйига уюштирган ҳаво ҳужумида оқибатида 12 нафар оила аъзолари билан вафот этган. Хайриддиннинг укаси Басил журналистнинг ўлими тўғрисида маҳаллий нашрга берган интервьюси тармоқларда тарқалди. Унга кўра, Аҳмад 82 кун ичида биринчи марта ишдан бир кунлик дам олишни хоҳлаган. Басил кўчага чиқаётиб, ундан бирга боришни сўраган. Аммо журналист уйдан чиқишни истамаганини айтган. Шундай қилиб, журналист ўзининг ягона дам олиш кунида вафот этган.
2024 йил 10 январь куни эса Бавобат ал-Ҳадаф маҳаллий интернет нашри учун ишлайдиган фаластинлик журналист Аҳмад Бдейр Исроил ҳаво ҳужумида Ақса шаҳидлари шифохонаси яқинида ҳалок бўлди. Халқаро ва баъзи маҳаллий нашрларнинг маълумотларига кўра, Бдейр шифохона дарвозаси олдида ўрнатилган журналистлар чодири ёнида турган вақтда шрапнель тегиб вафот этган. Ўша вақтда у ўз вазифасини бажараётганди. У уруш вақтида янгиликларни ёритиш учун тинимсиз меҳнат қилган.
Исроил мудофаа кучлари (ИМК) бир неча бор оммавий ахборот воситаларига армия журналистларни атайлаб нишонга олмаганини билдирди. Шунингдек, улар октябрь ойида агентликларга журналистлар хавфсизлигини кафолатлай олмаслигини айтди. Аммо ҳеч қандай вазият урушда бетараф ва айбсиз бўлган инсонларнинг ўлимини оқламайди.
Бугунга қадар урушда 40 мингдан зиёд одам ҳалок бўлди ва бу рақамлар ҳар куни ўсишда давом этяпти. Хўш, нима учун улар орасида 116 нафар журналист алоҳида аҳамиятга эга? Агар жанг майдонидан эфир узатилмаса, ахборот берилмаса, бутун дунё Исроилнинг “ҳужумлар фақатгина Ҳамаснинг базаларига уюштириляпти”, деган ёлғонларига ишонаётган, бутун дунёнинг кўзи Ғазога қаратилмаган бўларди. Инсонлар минглаб бегуноҳ одамлар ўлаётганидан, болалар ҳар куни ўқ ва портлаш овозларини эшитиб уйғонаётгани, очликдан вафот этаётганидан бехабар қоларди. Уруш бугунгидан ҳам даҳшатлироқ тус оларди. Журналистлар ва ОАВ бу қонли тўқнашувларда бироз бўлсада тийиб турувчи куч вазифасини ўтамоқда.
Журналистика тасаввуримизда шакллангани каби бежирим кийимлар кийиб, микрофон кўтарганча ҳашаматли байрамлардан репортаж узатиш эмас. Устозларимдан бири “Журналистиканинг нонини ейиш учун темирдан тиш бўлиши керак”, деб айтарди. Бу дам олиш кунларидан воз кечиш, кези келганда маошсиз ишлашга ҳам рози бўлиш, тазйиқларга ва уйга қайтиб келмасликка тайёр бўлиш демакдир. Баъзида журналистларнинг ҳаётини ўртага тикиб тайёрлаган материаллари эфирлардан узилади, тармоқлардан ўчирилади. Буни кўра-била туриб, яна ишида давом этиш ҳам бир жасорат. Ушбу видео жанг майдонларида мардона вазифасини ўтаётган, касби сабаб қамалган, жазоланган, таъқибларга учраган ва вафот этган журналистларга бағишланди.
LiveБарчаси