Газ монополистининг 188 млрд сўмлик ноқонуний ҳаракатлари фош бўлди

Жамият

image

“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятига қарашли минтақавий газ таъминоти корхоналарининг 2018 йил ва 2019 йилнинг 1 чорагида тадбиркорлик субъектларига табиий газ етказиб бериш борасидаги фаолияти ўрганилди. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати маълум қилди.

Олиб борилган ўрганишлар натижасида, республика бўйича 8 701 та ҳолатда минтақавий газ таъминоти корхоналари томонидан белгиланган тарифларни асоссиз ошириши ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан олдиндан тўланган тўловларни ҳисобга олмаслик каби қонунбузилишларга йўл қўйилгани аниқланди.

Масалан, Наманган вилояти, Тўрақўрғон туманида фаолият юритаётган “Давр металл” МЧЖ томонидан 2018 йилнинг феврал ойида истеъмол қилинган 58 157 куб метр табиий газ учун белгиланган 263,4 сўм ўрнига 1000 сўмдан ҳақ ҳисобланган, натижада газ таъминоти корхонаси томонидан 42,8 млн сўм асоссиз фойда олинган.

Шунингдек, “Гулобод Осиё Парранда” МЧЖ томонидан 2018 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 34,4 млрд сўм олдиндан тўланган сумма ҳисобга киритилмаган ва натижада 2018 йилнинг 1 ноябридан тарифларни ошиши муносабати билан жамият қўшимча тўловларни тўлашдан озод этилмаган.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини вилоятлар кесимида кўрадиган бўлсак, унда қуйидагича бўлади:

•    Бухоро вилояти бўйича – 300 ҳолатда 407,6 млн сўм;

•    Жиззах вилояти бўйича – 620 ҳолатда 1 942,5 млн сўм;

•    Қашқадарё вилояти бўйича – 516 ҳолатда 88 019,9 млн сўм;

•    Навоий вилояти бўйича – 22 ҳолатда 59 150,4 млн сўм;

•    Наманган вилояти бўйича – 302 ҳолатда 1 770,2 млн сўм;

•    Самарқанд вилояти бўйича – 3737 ҳолатда 11 935,0 млн сўм;

•    Сирдарё вилояти бўйича – 56 ҳолатда 119,5 млн сўм;

•    Сурхондарё вилояти бўйича – 509 ҳолатда 10 534,1 млн сўм;

•    Тошкент вилояти бўйича – 1203 ҳолатда 3 290,4 млн сўм;

•    Фарғона вилояти бўйича – 23 ҳолатда 240,0 млн сўм;

•    Хоразм вилояти бўйича – 1413 ҳолатда 10 866,3 млн сўмни ташкил этади.

Умуман олганда республика бўйича кўрсатилган давр мобайнида газ таъминоти корхоналари томонидан жами 188,2 млрд сўм миқдорида асоссиз даромад олинган.

Шу муносабат билан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси минтақавий газ таъминоти корхоналарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Табиий монополиялар тўғрисида”ги Қонуни талабларини бузилиши бўйича ишлар қўзғатган ва асоссиз олинган даромадларни истеъмолчиларга қайтариш тўғрисида кўрсатмалар берган.

Бугунги кунда минтақавий газ таъминоти корхоналарида асоссиз олинган даромадларни хўжалик юритувчи субъектларга қайтариш бўйича ишлар олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

газ Ўзтрансгаз

Баҳолаганлар

43

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг