Гарвард университети Трамп маъмуриятини судга берди
Олам
−
22 Апрель 2822 2 дақиқа
Гарвард университети АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти устидан судга мурожаат қилиб, университетга ажратилган давлат маблағларини музлатиш ҳақидаги қарорни бекор қилишни талаб қилди. Бу ҳақда университет ректори Алан Гарбернинг кеча, 21 апрель куни Гарвард расмий сайтида чоп этилган баёнотида сўз боради.
Гарбернинг айтишича, университет федерал ҳукуматнинг “ноқонуний талабларини” бажаришдан бош тортганидан кейин жавоб чораларига дуч келган. Хусусан, Трамп маъмурияти 2,2 миллиард долларни музлатиб қўйишга қарор қилган ва яна бир миллиард долларни тўхтатиш масаласини кўриб чиқмоқда.
Бундан ташқари, ректорнинг таъкидлашича, Гарвардни солиқ имтиёзларидан маҳрум қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Унинг сўзларига кўра, бу университетнинг таълим, илмий ва тиббий фаолияти учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Гарбернинг айтишича, молиялаштиришни музлатиш ноқонуний ва ҳукумат ваколатидан ташқарида, шу сабабли университет судга мурожаат қилишга қарор қилган. У, шунингдек, маъмуриятни академик автономияга аралашишга уринишда айблади.
“Бугун биз Америка олий таълимини дунё учун эталонга айлантирган қадриятларни ҳимоя қиламиз”, деди у.
Даъво аризасида айтилишича, “ҳукумат федерал молиялаштиришни ушлаб қолиш таҳдидидан Гарвард университетини ҳукуматнинг мафкуравий имтиёзларига мослашишга мажбурлаган”.
Трамп ва Гарвард орасидаги қарама-қаршилик
Аввалроқ, Трамп маъмурияти талабаларнинг Фаластинни қўллаб-қувватловчи норозилик намойишларида иштирок этишини баҳона қилиб, бир қатор университетлар, жумладан Гарвард университетига федерал молиялаштиришни музлатиш билан таҳдид қилган эди. Расмийлар, шунингдек, фуқаролик ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунларга риоя қилишларини таъминлаш учун Гарвардга турли ташкилотлар томонидан ажратилган 8,7 миллиард доллардан ортиқ грантларни текшираётганини айтди.
Бунга жавобан Гарвард университети Трампнинг университетни “ислоҳ қилиш” талабларини бажармаслигини билдирди. Гарвард профессорлари федерал жамғармалар бўйича терговга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилди.
Трамп маъмурияти, ўз навбатида, 2,2 миллиард долларлик федерал маблағлар тўхтатилиши ва 60 миллион долларлик шартноманинг тўхтатилишини эълон қилди.
Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливиттнинг айтишича, музлатиш антисемитизм қонунларига риоя қилишни таъминлаш учун қилинган. АҚШ Солиқ хизмати, шунингдек, Гарвард университети учун солиқ имтиёзларини бекор қилишни кўриб чиқаётганини айтди.
Live
Барчаси