Ғарб Россияга қарши санкция киритишга тайёр – Шольц
Олам
−
09 Февраль 2022
8300Украина атрофидаги вазият жиддийлашиб боришига қараб Россияга қарши санкциялар қўллаш учун Ғарб доим тайёр. Бу ҳақда, бугун 9 февраль куни Дания Бош вазири билан ўтказилган матбуот нажуманида Германия Федератив Республикаси канцлери Олаф Шольц маълум қилган.
Германия раҳбарининг қўшимча қилишича, ҳозирда Кремлга қарши киритиладиган санкциялар пакети тайёрланмоқда.
"Россияга қарши қўлланадиган санкциялар борасида биз биргаликда ҳаракат қиламиз деган фикрдамиз. Улар ҳозир тайёрланиш босқичида.
Агар вазият ўзгарадиган бўлса, биз исталган вақтда, Германия, АҚШ, Европа ва НАТО давлатлари билан биргаликда қарор қабул қилишимиз мумкин. Ва бу, менимча, жуда самарали қадам бўлади. Бу Россия тушунадиган сигналдир”, деган Германия канцлери.
Аммо у Ғарб режалаштираётган сакциялар ҳақида аниқ маълумотларни очиқлашни истамаган.
“Биз бутун санкциялар рўйхатини очиқламасликка қарор қилдик. Менимча, бу мантиқий жиҳатдан тўғри бўлади. Украина атрофида биз бирлашишимиз керак. Шундай бўлмоқда ҳам", дея таъкидлаган Германия раҳбари.
Бундан ташқари, у келгуси ҳафтада расмий ташриф билан Россия ва Украинада бўлиши ҳақида ҳам гапирган.
“Икки давлат раҳбарлари билан учрашув мобайнида мен ҳам Президент Макрон тўхталиб ўтган масалалар борасида музокара олиб бораман”, деган ГФР раҳбари.
Шольцга кўра, Украина хавфсизлигини таъминлаш ва Россия агрессиясига қарши туриш учун Ғарб давлатлари бирлашиши керак.
“Бошқа томондан, агар Украинага қарши ҳарбий тажовуз уюштириладиган бўлса, уни бартараф этиш учун жадал тайёргарлик кўришимиз керак”, дея қўшимча қилган Шольц.
Эслатиб ўтамиз, жорий ҳафта 7-8 февраль кунлари Франция Президенти Эммануэль Макрон таранглашиб бораётган Украина-Россия можараси юзасидан музокаралар ўтказиш учун Москва ва Киевда бўлди.
Музокалар давоми сифатида, Германия канцлери Олаф Шольц 14 февраль куни Россия ва 15 февраль куни Киевда бўлиши режалаштирилган.
LiveБарчаси