Россия Беларусда ўз ҳарбий қудратини кўз-кўз қилиб Ғарбни огоҳлантирмоқчи
Олам
−
09 Февраль 2022
11221Эҳтимолий уруш хавфи ортиб бориши натижасида Россия Беларусда 10 кунлик ҳарбий машғулот ўтказмоқчи. Экспертларга кўра, Москва шу йўл билан Ғарб ва Украинага ўз қудратини намоён қилиб, уларга жиддий огоҳлантириш бермоқчи.
Январь ойи ўрталаридан бошлаб Кремль Беларусга “Иттифоқчилар келишуви” доирасида ўз ҳарбийлари ва оғир артиллерияларни юбора бошлаган. Ҳозирга қадар қўшма ҳарбий машғулотларни ўтказиш учун Беларусь ҳудудига Россиянинг 30 000 дан ортиқ аскарлари киритилгани айтилмоқда.
Шунингдек, С-400 ер-ҳаво ракета тизимларининг иккита батальони ва 12 та “Сухой Су-35” қирувчи самолётлари мамлакат ҳудудига жойлаштирилган.
НАТО ушбу ҳаракатларни Совуқ уруш давридан буён Беларусь ҳудудига энг катта қўшин киритиш дея баҳоламоқда. Билдирилишича, ҳозирда Россия ихтиёрига ўтган Қрим, Беларусь ва Украина билан чегарадош бошқа ҳудудларда 100 000 лаб қўшин жойлаштирилган.
Маълум қилинишича, Беларусь ҳудудига жойлаштирилган Россия ҳарбийлари иштирокидаги машғулотларнинг “фаол босқичи” эртага, 10 февралдан бошланади.
Қуруқлик қўшинлари ва ҳаво қирувчи самолоётлари иштирокидаги машғулотлар Беларуснинг НАТОга аъзо Европа давлатлари билан чегара ҳудудида ўтказилади.
АҚШ ва НАТОга кўра, ушбу ҳарбий ҳаракатлар Россия агрессиясининг яққол рамзи бўлиб, урушга тайёргарлик ва Беларусь чегарасидан 150 км узоқликда жойлашган Киевни босиб олишга уринишдир.
Сўнгги пайтларда Россия-Украина можароси жиддий тус олган. Бир томонда Киевни қўллаётган АҚШ ва НАТО турган бўлса, бошқа томонда ҳарбий тайёргарликларни бошлаб юборган Россия турибди.
Украинанинг тарафини олиб АҚШ Киевга 200 миллион доллар миқдоридаги, қарийб 500 тонна қурол-яроғ, 300 та Жевелин танкка қарши ўточар техникалари ва 5 та МИ-17 вертолётини етказиб берганини билдирган. Бундан ташқари, 8 500 нафар ҳарбийни Шарқий Европага юбориш учун шай ҳолда ушлаб тургани ҳақида маълум қилган.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги эса Украинага элита бўлинмасининг 30 нафар ҳарбий хизматчисини, 2 000 та танкка қарши ракета ва қурол-яроғ юборилгани ҳақида хабар берган.
Бошқа томондан Россия, Украина баҳонасида “бурни тагига” тиқилиб олаётган НАТОнинг Шарқий Европа томон силжиб келишини қоралаб, унга қарши ўз ҳудуди ва Беларуснинг Украина билан чегарадош ерларида 100 000 дан ортиқ қўшин ва ҳарбий техникалар тўплаган.
Эслатиб ўтамиз, 5 февраль куни Шарқий Европада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун АҚШ ҳам расман ўз ҳарбийларини Польшага киритган эди. Пентагон расмий вакили Жон Кербининг билдиришича, АҚШ НАТОга аъзо Европа давлатлари ҳисобланган Руминия, Польша ва Германияга 8,5 минг қўшин киритади.
Бундан ташқари, кеча 8 февраль куни Буюк Британия Мудофаа вазирлиги ҳам Польша ҳудудига Қироллик денгиз пиёдаларининг 3-махсус кучлари бригадасидаги батальондан 350 нафар аскарни юбориши ҳақида маълум қилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь