Ғарб Исроилни “оқ қилди?”

Таҳлил

1933-1945 йиллар оралиғида Гитлер Германияси яҳудийларга қарши холокост номи билан тарихда қолган қирғин компаниясини олиб борганди. Тасдиқланган маълумотларга кўра, шу 12 йил ичида жами 6 миллион яҳудий Гитлер геноцидининг қурбонига айланган. Айнан шу қирғин кейинчалик яҳудийларни ўз давлатига эга бўлмаган миллатлар сафидан чиқишида муҳим роль ўйнади.

Иккинчи жаҳон уруши тугашидан 3 йил ўтиб, 1948 йилда Британиянинг Фаластин ерлари устидан анча йиллар олдин қўлга киритган мандати якунланди. Шу йили мазкур ерларда Исроил номли давлат тузилгани эълон қилинди. Яҳудийларнинг ўз давлатига эга бўлиши уларнинг узоқ йиллик зулмни бошдан кечиргани ва дунё ҳамжамияти айниқса Европадаги сиёсий элиталарнинг ушбу миллатга нисбатан ачиниш ҳисси ортидан содир бўлди, дейиш мумкин. Қизиғи, кейинчалик ҳам Ғарб сиёсий доираларининг Исроилга бўлган меҳр-муруввати давом этди. Бу қўлловнинг тагида холокост даҳшатлари ва антисемитизм номли бўрттирилган қарашга қарши кураш кайфияти ётарди. Исроил тузилганидан сўнг, расмий Тель-Авив бир неча бор минтақадаги араб давлатлари билан қуролли тўқнашувлар олиб борди. Узоқ йиллар давомида бу можаролар Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи сифатида талқин қилинди. Яҳудий давлати бу борада қайсидир маънода ўзини ҳимоя қилгандир, аммо бу ҳимоя қўшни мамлакатларнинг ерини, айниқса, Фаластин ҳудудларини босиб олиш билан параллел тарзда олиб борилди. Суриядан тортиб олинган Жўлон тепаликлари, 1948, 1967 йиллар ва ундан кейин ҳам қисқаришда давом этган Фаластин ерлари бунинг ёрқин мисолидир.

Антисемитизм, холокост ва яҳудийларга тегишли молиявий активлар дейсизми, хуллас, иқтисодий қудрат ортидан дунё давлатларидаги ҳукуматларда мавжуд бўлган лоббилар ва ачиниш ҳисси Исроилнинг 80 йил давомида фаластинликларни апартеид зулмида ушлаб туришига қарши бўлган расмий овозларни ўчириб келди. Исроилга бу тарзда “яшил чироқ” ёқилиши Ғазода содир бўлган замонавий тарихдаги энг даҳшатли воқеликлар давомида ҳам сақланиб қолди. Шифохоналар, мактаблар, ҳеч қандай хавф туғдириши мумкин бўлмаган қочқинлар лагерлари, туғилганига бир неча кун бўлган гўдаклардан тортиб, 2,3,4,5 ёшли болалар, аёллар ва қарияларнинг бомбалар остида парчаланиши. Бу бутун дунё кўз ўнгида ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи ниқоб қилинган ҳолда салкам 600 кундан буён узлуксиз давом этаётган ваҳшийликларнинг фақатгина бир қисми, холос.

Нетаньяху режими томонидан Ғазо секторида 2023 йил октябрь ойидан то бугунгача қилиб келинган қирғинларни бир жойга жамлаш ва битталаб санаш аллақачон ўта мураккаб юмушга айланган. Буни ўтган йили Жанубий Африкалик адвокатлар ва ҳуқуқшунослар ўз бошидан ўтказди. Улар томонидан тўланган 4000 саҳифадан ортиқ Исроилнинг Ғазодаги қирғинларига оид ҳужжатлар кўпчиликнинг эсида бўлса керак. Аммо кўп сонли мамлакатларнинг эътирозлари ҳам, Халқаро жиноий суднинг Нетаньяхуни ҳибсга олиш ордери ҳам Исроил ваҳшийликларига чек қўя олмади. Ҳаммаси унинг асосий ҳамкорлари-ю яқин иттифоқчилари томонидан босим ўтказилишига боғлиқ эди.

2025 йил май ойи охирида мана шундай қадамлар ниҳоят ташланяпти. Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ниқоби остида қилган жиноятларини хаспўшлаб келган Ғарбдаги яқин шериклари энди ундан бирин-кетин қўлини тортмоқда. Ғазодаги 2 миллион атрофидаги аҳоли устидан очиқ концлагерь қурган Исроилнинг сўнгги пайтлардаги ҳаракатлари ҳаммасидан ошиб тушди. Европа лидерлари Фаластинни тан олиш ва ҳатто Исроил билан савдо алоқаларини тўхтатиш, жумладан унга қурол етказиб беришга чек қўйиш масаласини кун тартибига қўйди. Ниҳоят Ғазодаги ғайриинсоний қилмишлар акс-садо бера бошлади. Салкам бир аср давомида халокост таъсири ва антисемитизмни рўкач қилиш орқали жабрдийда ролини мукаммал ўйнаб келган Исроил Нетаньяху даврида кутилмаган муаммога дуч келди. Бу Исроилнинг қўрқинчли туши бўлмоқда. Халокостдан сўнг томчилаб топилган эътибор Нетаньяху ва унинг фашистик руҳдаги маъмурияти томонидан 1 ярим йил ичида Ғазода челаклаб тўкиб юборилди. 

Исроилга қарши Франция-Британия-Канада учбурчаги

Исроил Ғазога жорий йил март ойидан бошлаб гуманитар ёрдам киришини блоклади. Бу дегани 80 кун давомида гуманитар инқироз ўз чўққисига чиққан ва ижтимоий неъмат ишлаб чиқариш деярли ўлган секторга ҳеч қандай инсонпарварлик ёрдами киритилмади. Бу тўсиқ очлик туфайли 2 миллиондан ортиқ фаластинлик ҳаётига таҳдид солаётгани ҳақида огоҳлантирилди. Қарийб уч ой давомида бирорта буғдой дони ҳам киришига рухсат берилмаган Ғазода ҳар ҳафта гўдакларнинг очлик ва ташналикдан ўлаётгани ҳақида тинимсиз хабарлар чиқди. Ғазо аҳолисининг минимал ҳаётий эҳтиёжларини қондириш учун эса кунига 500 га яқин ёрдам ортилган юк машинаси ва ёнилғи учун камида 50 та юк машинаси лозим эди.

Боз устига, Исроил 16 май куни Ғазо секторининг шимоли ва жанубида “Гидеон аравалари” номли янги босқин компаниясини бошлаб юборди. Бироқ ЦАХАЛ доимгидек бу ҳужумлар ҲАМАС ҳаракати объектларини йўқ қилиш мақсадида қилинаётганини баҳона қилди. Аммо Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, ўтган ҳафта давомида Исроил ҳужумлари оқибатида 464 нафар фаластинлик ўлдирилган, сўнгги ҳужумлар оқибатида эса камида 130 киши қурбон бўлган.

Гуманитар ёрдамни тўсиш ва секторда яна қайтадан оловланган қирғинлар охир-оқибат Европадаги қудратли ҳукуматларни безовта қилди. Эндиликда кўплаб қитъа давлатлари Тель-Авивни қўллашдан масофа сақлаш ҳаракатида. Ғарбдаги либерализм ва демократик моделга Ғазодаги қатлиомлар фонида ишончсизлик ортган бир пайтда мазкур қарор айни муддао бўлди. АҚШ ва Европа бу ҳаракатларни тўхтатишда Исроилга босим ўтказди. Энг қизиғи, бу Трамп ва уч араб давлати ўртасида рекорд даражадаги инвестицион битимлар имзоланганидан сўнг содир бўлди. Шундан сўнг, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо секторига озиқ-овқат маҳсулотлари киритилишига рухсат берди. Исроилдаги қатор манбалар ҳукумат йиғилишида Нетаньяху бу қарор АҚШ томонидан қилинган босим сабаб қабул қилинганини тан олгани ҳақида хабар берди. Шунингдек, Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Фаластинни бир томонлама тан олувчи давлатлар коалициясига етакчилик қилиш ҳаракати ҳам яҳудий давлатининг ён беришида муҳим роль ўйнаган. 

Албатта, Макрон бошчилигидаги ҳали шаклланиб улгурмаган коалиция сафига қўшилган Буюк Британия ва Канаданинг жиддий огоҳлантириши Исроилни бир зум ўзини тийишга мажбур қилди дейиш мумкин. Чунки Исроил “Гидеон аравалари” номли янги ҳарбий босқинни бошлаш эълони ва Нетаньяхунинг Ғазо секторини тўлиқ назоратга олиш нияти маълум бўлгач, Буюк Британия ҳукумати Тель-Авивни қатъий чоралар, жумладан санкциялар қўллаш билан огоҳлантирди. Лондон, шунингдек, Ғарбий Соҳилда яҳудий манзилгоҳларининг кенгайишига мутлақо қарши эканини маълум қилди.

Исроилга қарши асосли тарзда қатъий позицияни эгаллаган давлатлар ҳозирча Буюк Британия ва Франция бўлмоқда. Бироз аввал Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми Лондон Исроил билан савдо музокараларини тўхтатганини маълум қилди. Вазирликнинг қўшимча қилишича, “Ғарбий Соҳил ва Ғазода ғайритабиий сиёсат юритаётган” Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг ҳукумати билан келишув бўйича музокараларни илгари суриб бўлмайди. Бундан ташқари, Буюк Британия Ғазо секторидаги босқин ва Ғарбий Соҳилда фаластинликларга қарши зўравонлик ҳолатлари юзасидан тегишли субъектларга санкциялар киритди. Жумладан, Дэвид Лэмми фаластинликларга қилинган зўравонликларда иштирок этган уч шахс ва тўрт ташкилотга нисбатан санкциялар жорий этилганини эълон қилди. Аммо бу яҳудий давлатига инглиз ҳукумати томонидан қўлланган сўнгги чора эмас. Чунки бу билан бирга, Исроилнинг Лондондаги элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган.

Франция Президенти Эммануэль Макрон эса жуда катта масштабдаги ҳаракатларни амалга оширяпти. У жорий йил июнь ойида Нью-Йоркда Саудия билан биргаликда БМТ ҳомийлигида Фаластинни тан олиш бўйича анжуман ташкил қилмоқчи. Бир неча кундан сўнг ташланиши кутилаётган ушбу тарихий сиёсий қадам ортидан Буюк Британия ва Канада ҳам эргашяпти. Дипломатик манбалар ушбу уч давлат ниҳоят яқин фурсатларда Фаластинни тан олишга яқин экани ҳақида хабар берди. Мазкур қарор ҳақида Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми апрель ойининг охирларидаёқ маълум қилди. У Париж ва Лондон бу борада жиддий мулоқот олиб бораётганини очиқлаганди. 

Европа Иттифоқидан сигнал

Британиянинг Исроил билан савдо музокараларини тўхтатиш ҳақидаги қарори билан деярли бир вақтда, аниқроғи, 20 май куни ЕИга аъзо 27 давлатнинг 17 таси ҳам худди шундай ёндашувни кўриб чиқиши мумкинлиги маълум бўлди. Улар бу борада май ойи бошида Нидерландия Ташқи ишлар вазири Каспар Велдкамп томонидан илгари сурилган ҳаракатни қўллаб-қувватлади. Яъни Европа Иттифоқи ижроия органи икки ўртадаги ассоциация шартномасининг 2-моддаси бўйича инсон ҳуқуқлари борасида Исроил ўз мажбуриятларини бузганлигини аниқлаш учун текширув бошлайди. Бу эса икки томоннинг савдо ва дипломатик муносабатларини белгилайдиган кенг кўламли пакт ҳисобланади.

2-моддада ёзилишича, муносабатлар инсон ҳуқуқлари ва демократик тамойилларни ҳурмат қилишга асосланади, “бу уларнинг ички ва халқаро сиёсатини белгилайди ва ушбу шартноманинг муҳим элементини ташкил қилади”.

Аслида бу таклиф бундан 1,5 ой муқаддам Ирландия ва Испания томонидан таклиф қилинган. Аммо Дублин ва Мадрид ўшанда ҳеч бир Европа Иттифоқи давлатининг қўллаб-қувватлашига эриша олмаган. Фақат бугунги кунга келибгина кўҳна қитъадаги ҳукуматларнинг “кўзи очилди”. Бу сафар Исроилнинг энг яқин ҳамкорларидан бири Нидерландия томонидан Исроил “гуманитар блокадаси”га қарши 2-моддани бузгани туфайли унга қарши чора қўллаш таклифи ўртага ташланганидан сўнг мазкур ҳаракат яна жонланди.

Тўққиз аъзо давлат – Бельгия, Финляндия, Франция, Ирландия, Люксембург, Португалия, Словения, Испания ва Швеция – 20 май кунги Ташқи ишлар вазирлари йиғилишидан олдин Нидерландия таклифини очиқ қўллаб-қувватлади. Дипломатик манбаларга кўра, 20 май куни Дания, Эстония, Мальта, Польша, Руминия ва Словакия ҳам кўриб чиқишни қўллаб-қувватлаган. Шу пайт ҳатто Исроилнинг ашаддий тарафдори бўлган Австрия ҳам бу ташаббусга ҳеч қандай қаршилик билдирмаган. Энг эътиборга молик жиҳат шундаки, яқиндагина Исроил расмийлари билан учрашувда Тель-Авив ЕИнинг яқин ҳамкори дегани туфайли Европарламентда боши балога қолган Иттифоқнинг бош дипломати Кая Каллас ҳам Исроилнинг чекланган миқдордаги юк машиналарининг анклавга киришига рухсат бериш қарорини танқид қилиб, буни "океан томчиси"га таққослади.

Трамп Нетаньяхуни “ишдан олдими?” 

Исроил чекланган миқдорда бўлса ҳам Ғазога инсонпарварлик ёрдами киришига рухсат бергани ортида асосан Трамп ва Макрон эффекти борлиги кўп бор таъкидланди. Гап шундаки, бу босим АҚШ Президенти томонидан Яқин Шарқ монархияларига ташрифидан бир зум ўтиб қилинди.

Дональд Трамп АҚШга қайтгач, “Fox News”га берган интервьюсида араб етакчиларидан бири унга Ғазода инсонлар очликдан азобланаётгани ва зудлик билан уларга ёрдам беришни илтимос қилгани ҳақида сўз очди. Трамп интервьюда бу борада зудлик билан иш бошлаганини маълум қилганди. Орадан кўп ўтмай Исроил бунга мажбур қилинди. Ёрдам ортилган ўнлаб машиналар Ғазога кирди.

“Axios” порталига кўра, Трамп Ғазодаги болаларнинг суратларини кўриб, қаттиқ ғазабланган. Шу боис АҚШ раҳбари Яқин Шарқ бўйича маслаҳатчиси Стив Уиткоффни шоширмоқда. Порталнинг Исроилдаги манбалари эса улар Трамп босимини унчалик сезмаётганини билдирган. Бироқ Вашингтон ва Тель-Авив ўртасида яхшигина жарлик юзага келган. Чунки эндиликда бир томонда қирғинни тўхтатишга ҳаракат қилаётган Президент, бошқа томонда эса геноцидни янада кенгайтирмоқчи бўлган Бош вазир турибди.

Аммо “Axios” Трампнинг айни дамдаги чекланган босими ортида бошқа мақсад ётганига эътибор қаратяпти. Портал АҚШ Президенти яқиндагина 3 та араб давлати билан тузилган ўта манфаатли ва бир неча триллион долларлик инвестицион келишувлар ортга қараб кетмаслиги учун  Ғазо масаласида Нетаньяхуни ён беришга мажбур қилганини ўртага чиқарди. 

Исроил реакцияси

Исроил расмийлари Европа лидерларига ҳам, АҚШга ҳам зудлик билан жавоб қайтаришга улгурди. Хусусан, Ташқи ишлар вазирлиги дастлаб Британия билан савдо музокараларида муваффақиятга эришмаётганини айтиб, Лондон томонидан киритилган санкцияларни “сирли” ва “асоссиз” деб атади. Шунингдек, улар ташқи босим Исроилни ўз йўлидан қайтишга мажбурламаслигини ҳам қўшимча қилган.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Орен Марморштейн Европа Иттифоқи бош дипломати Кая Калласга ҳам жавоб берди. У ўзининг Х платформасидаги саҳифасида Европа Иттифоқининг Исроил билан алоқаларини қайта кўриб чиқиш қарорини асоссиз деб ёзди. Марморштейннинг таъкидлашича, Исроил гўёки ҲАМАС билан урушда “мудофаа” ҳолатида.

Шунингдек, у Исроил муаммони ҳал қилиш учун ЕИ вакиллари ва унга аъзо давлатлар билан музокарага очиқлигини таъкидлади. Шуни таъкидлаш жоизки, ЕИ Исроилнинг энг йирик савдо шериги бўлиб, икки ўртадаги савдо алоқалари йилига 45 миллиард евродан ошади.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Буюк Британия Европа Иттифоқи Эммануэль Макрон Фаластин Исроил Канада Ғазо Биньямин Нетаньяху Гидеон аравалари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг