Ғарб “Афғонистон ўйини”га қайтишга уринмоқда – Лавров
Олам
−
24 Апрель
7588Ғарб давлатлари “Толибон” ҳокимиятга келганидан кейин тарк этган “Афғонистон ўйини”га қайтишга ҳаракат қилмоқда. Агар Ғарбнинг ҳаракатлари холис бўлса, Россия бунга қарши эмас. Бу ҳақда кеча, 23 апрель куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи якунлари бўйича матбуот анжуманида сўз очди.
“Биз шуни пайқадикки, “Толибон” ҳокимиятга келганидан кейин бу мамлакатдан чиқиб кетган Ғарб “Афғонистон ўйини”га фаол равишда қайтишга уринмоқда”, дейди вазир.
Лавровга кўра, Ғарб, хусусан, БМТ Котибияти орқали Доҳада йиғиладиган янги маслаҳатлашув формати – “Доҳа формати” деб номланган ташаббусни илгари сурган. Унинг фикрича, мақсад равшан – Ғарб Афғонистондаги ташқи жараёнларни асосан минтақа давлатлари олиб борганидан норози.
“Аммо агар Ғарб давлатларининг бу умумий саъй-ҳаракатлардаги иштироки холис бўлса ва яширин ниятлар бўлмаса, биз бунга қарши эмасмиз. Шу сабаб биз ҳам “Доҳа формати”да иштирок этяпмиз”, деди Лавров.
У, шунингдек, бу жараён доирасида экспериментал асосда бир қанча ишчи гуруҳлар, жумладан, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмасига қарши кураш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилганига эътибор қаратган.
“Ҳозирча БМТ вакиллари ва Ғарб давлатларининг бу умумий саъй-ҳаракатларда иштирок этишидан сезиларли натижалар кўзга ташланмаяпти. Бироқ агар ўзаро мақбул ва энг асосийси, Афғонистон раҳбарияти учун мақбул лойиҳалар бўлса, биз бунга қарши эмасмиз. Энг муҳими – бу ерда яна иккиюзламачилик ва яширин кун тартиби илгари сурилишига йўл қўймаслик”, деди вазир.
Лавров Афғонистон ҳукуматини тан олиш ва у билан ишлаш муҳимлигини таъкидлаб, бу борада ҳам фикрларини билдирган.
“Қобулдаги ҳукумат – бу реаллик. Агар идеологияга асосланган эмас, балки прагматик сиёсат олиб борилса, у билан ҳисоблашиш керак”, деди у.
Лавров Россиянинг Афғонистон йўналишидаги фаоллигини давом эттиришини ҳам урғулаган. Айниқса, “Толибон”ни террористлар рўйхатидан чиқариш борасидаги қарорни алоҳида ёдга олган.
“Афғонистонда “Толибон” ҳокимиятга келгач, биз янгиланган ҳукумат билан ишлашни давом эттирдик”, дейди Россия Ташқи ишлар вазири.
У Россия элчихонасининг доимий равишда Қобулда фаолият олиб боришини ва Афғонистондаги янги ҳукумат билан ўзаро алоқаларни давом эттирганини қайд этган.
“Бизнинг элчихонамиз ҳеч қачон ёпилмади. Аксинча, ҳар куни янги Афғонистон раҳбарияти билан барча даражаларда самарали алоқада бўлганмиз”, дея таъкидлади Лавров.
Вазир, шунингдек, Афғонистонда кўп томонлама форматларнинг ишлашини қўллаб-қувватлаб, “Москва формати” каби ташаббусларни таъкидлаган.
“Афғонистонга қўшни давлатлар гуруҳи ва Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотида (ШҲТ) фаол иштироки жуда фойдали”, дейди вазир.
Унинг фикрича, бу форматларнинг бирлашган тарзда ишлаши Афғонистоннинг келажаги учун ихтилофларни камайтиришга ёрдам беради ва минтақавий инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун ишончни оширади.
Лавров, шунингдек, Афғонистоннинг Марказий Осиё ва бошқа қўшни ҳудудлар билан боғланишини қўллаб-қувватлаган ва бу ўз навбатида, мамлакатнинг иқтисодий мустаҳкамлигини оширишга ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлаган.
Шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазири Шимолий Атлантика Альянсининг (НАТО) ҳарбий инфратузилмаси Афғонистонга қайтиши хавфи ҳақида огоҳлантирди. У бу ҳолатни “секин ҳаракатланувчи бомба” деб атади.
“Ҳар қандай баҳона остида НАТО давлатларининг Афғонистонга ҳарбий инфратузилмани қайтаришга уринишлари – бу мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатдир. Бундай уринишлар янги портлашга тайёр бомба, эҳтимол, ҳатто унчалик ҳам секин бўлмаган бомба яратади”, деди у Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида.
Эслатиб ўтамиз, 17 апрель куни Россия Федерацияси Олий суди Бош прокурорнинг Россияда “Толибон” ҳаракати фаолиятини тақиқлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги маъмурий даъвосини қаноатлантирганди. Москвадаги Афғонистон элчихонаси “Толибон”бунинг учун Россиядан миннатдор эканини билдирди.
LiveБарчаси