Ғаниев журналистлар билан учрашиб, холислик, ҳаққонийлик ва тўғрилик ҳақида маъруза қилди

Жамият

image

Ўтган ҳафта охирида ижтимоий тармоқларда  овозли ёзув тарқалганди. Унда овоз эгаси Қува тумани ҳокимига мурожаат қилиб, туманда газ ва электр энергияси йўқлигини видеога олиб, уни ижтимоий тармоқларда тарқатган блогернинг нега ҳалигача жанозаси ўқилмаганини сўрайди. Туман ҳокими эса Шуҳрат Мадаминович дея мурожаат қилади. Ушбу овозли ёзув ҳафта охирида ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди ва аудио қаҳрамони Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев экани тахмин қилинди

 

Аудиоёзув ижтимоий тармоқларда тарқалгач, Фарғона вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати аудиодаги овоз Шуҳрат Ғаниевникига ўхшатилганини иддао қилиб чиқди. Бугун эса Шуҳрат Ғаниев журналист ва блогерлар билан учрашган. ЎзАнинг ёзишича, Ғаниев ушбу учрашувда интернетда тарқалган овозга эмас, аксинча журналистларнинг касб этикасига муносабат билдирган. 

“Мамлакатнинг тараққиётида оммавий ахборот воситаларининг ўрни катта. Шунинг учун ҳам бу касб эгаларини жуда ҳурмат қиламан. Матбуот холислик, ҳаққонийлик ва тўғриликни талаб қилади. Бу мезонларга амал қилган журналистларимиз турли уйдирма ва шов-шувларга учмайди. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, ҳеч қачон бир томонлама манфаатларни ҳисобга олмаслиги керак. Тўғри, баъзи бир танқидий чиқишлар кимларгадир ёқмаслиги аниқ. Раҳбарлар журналист ва блогерлар билан мулоқот қилишдан қочмасдан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш вақти келди. Кўплаб журналист ва блогерлар чиқишларини мунтазам кузатиб бораман. Мен бирорта блогерга устунлик бермоқчи эмасман”, деган Ғаниев.

Эслатиб ўтамиз, Шуҳрат Ғаниевга Президент Администрацияси ва Ҳукумат томонидан олти ой, сентябрь ойидан Сенат томонидан уч ой муҳлат берилган эди. Сенатнинг одоб комиссияси аъзоси Гавҳар Алимова агар бу муҳлат ичида у ўзини ўзгартирмаса, ишдан кетишини айтган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шуҳрат Ғаниев

Баҳолаганлар

143

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made