Ғаниев Қирғизистоннинг Боткен вилояти губернатори билан учрашди
Жамият
−
09 Июнь 2020
9680Бугун, 9 июнь куни Қирғизистон Республикаси Боткен вилоятида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ва Боткен вилояти губернатори Алишер Абдураҳмоновлар бошчилигида чегара қўшинлари, хавфсизлик хизмати, ички ишлар, божхона бошқармаларининг бошлиқлари ҳамда вилоят прокурорлари, Қирғизистон Республикаси ҳукумати аъзолари иштирокида амалий учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг олий даражадаги учрашувларида эришилган ўзаро дўстона, стратегик ҳамкорлик келишувлари ўз кучида қолиши ва бундан буён ҳам унда белгиланган вазифалар ижроси изчил равишда амалга оширилиши таъкидланди.
Ўз навбатида трансчегаравий сув ресурсларидан ҳамда яйловлардан фойдаланишда амалдаги қонунчилик меъёрларидан ташқари бағрикенглик ва азалий дўстона муносабатларга асосланиши айтиб ўтилди.
Қирғизистон делегацияси аъзолари улар томонидан мамлакат ҳудудидан анклав Сўх тумани ҳамда Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларига аҳолининг эркин бориб-келишида ҳеч қандай тўсиқ ёки муаммолар бўлмаслигини, бу ҳудудларга озиқ-овқат, халқ истеъмоли ва қурилиш моллари етказувчи юк машиналарининг ҳаракати асло чегараланмаслигини алоҳида урғулади.
“Музокаралар чоғида ҳар икки томон вакиллари яқинда бўлиб ўтган Сўх туманидаги можаролар Ўзбекистон ва Қирғизистон, Фарғона ва Боткен вилоятлари ўртасидаги дўстона муносабатларга асло путур етказмаслигини алоҳида қайд этдилар”, дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди ҳудудидаги икки қишлоқ аҳолиси сувдан фойдаланиш масаласида келишолмай, икки ўртада тўқнашув юз берди.
Юз берган тўқнашув бўйича 1 июнь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов учрашув ўтказиб, тергов ҳаракатини биргаликда олиб боришга ва айбдорларни жазолашга келишиб олди.
Музокарадан кейин Арипов сўхликлар билан учрашди. Аҳоли бор муаммосини Бош вазирга тўкиб солди. 2 июнда эса Ҳукумат аъзолари Сўхга борди ва ҳудудни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди.
LiveБарчаси