Ғани ҳукумати нега тез қулади? Аҳмад Масъуд тўрт сабаб келтирди
Олам
−
26 Август 2021
19904Афғонистон Миллий қаршилик фронти раҳбари Аҳмад Масъуд америкалик ҳарбийлар ва уларнинг иттифоқчилари олиб кетилгандан сўнг, Президент Ашраф Ғани ҳукумати бир неча ҳафта ҳам давом этмаслигига шубҳа қилмаган. Бу ҳақда РБК хабар бермоқда.
Масъудга кўра, у бу ҳақда барча хорижий вакилларни, шу жумладан “Толибон” билан музокарачи, Вашингтон вакили Залмай Халилзодни ҳам огоҳлантирган.
“Мен айтдимки, чекиниш ҳақида эълон қилингандан ва олиб чиқиб кетилгандан кейин Афғонистон бир неча ҳафтага ҳам бормайди, ойлар ҳақида гапиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳукумат икки йилгача ушлаб турилиши мумкин эди. Бу борада ҳатто мен ҳам адашган эканман. Тез содир бўлишининг сабаблари — коррупция, ўзбошимчалик сиёсати ва улар билан халқ ўртасидаги улкан, вайронкор жарлик. Яна бир сабаб, афғон армияси узоқ вақтдан бери АҚШнинг қўллаб-қувватлашига қарам бўлиб қолган, энди уларсиз ишлай олмасди”, деган Масъуд.
Маълумот ўрнида, “Толибон” АҚШ қўшинларининг икки томонлама шартномаларда белгиланган муддат — 31 августдан кейин ҳам Афғонистонда қолиши тегишли “оқибатлар”га олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ
2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади.
Афғонистондаги давлат тўнтариши
Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси