"Ғалати ва таҳдидли изоҳлар”. Макрон Россиянинг шамаларига жавоб қайтарди

Олам

image

Франция Президенти Эмманюэль Макрон мамлакат Мудофаа вазири Себастьян Лекорню ва Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ўртасидаги телефон суҳбатидан сўнг расмий Москванинг “ғалати ва таҳдидли изоҳларини” қоралади. Бу ҳақда “France 24” хабар берди.

Россия Мудофаа вазирлиги ўз баёнотида француз вазири “Крокус”даги терактга “Украина ва Ғарб давлатларининг алоқаси йўқлигига қатъий ишонтиришга уринганини” қайд этган. Ўз навбатида, Шойгу Россия расмийларида "Украина излари” ҳақида маълумот борлиги ва Киев режими Ғарб кураторлари розилигисиз ҳеч нарса қилмаслигини билдирган.

"Умид қиламизки, бу ҳолатда Франция махсус хизматлари бунинг ортида турмайди", дейилади Россия Мудофаа вазирлиги хабарида.

Макрон эса буни "маълумотни манипуляция қилиш" деб атаган.

“Бунинг ортида Франция ёки Украина турибди, дейиш кулгили. Буларнинг ҳеч бири мантиқий эмас. Аммо бу Россия бугун фойдаланаётган ҳарбий арсеналнинг бир қисми бўлган маълумотларнинг манипуляцияси”, дейди Франция Президенти.

Шунингдек, у Франция Мудофаа вазирлиги раҳбари нима учун россиялик ҳамкасбига қўнғироқ қилганини ҳам тушунтирган. Макроннинг сўзларига кўра, Францияда “Крокус”га қилинган ҳужумнинг "келиб чиқиши ва ташкил этилиши" ҳақида "фойдали маълумотлар" бор эди.

Маълумот ўрнида, Лекорню ва Шойгу ўртасидаги суҳбат 3 апрель куни бўлиб ўтган. Франция Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, вазир “Крокус Сити Ҳолл”даги терактни "қатъий қоралаган" ва Франция қурбонлар ҳамда уларнинг оилалари билан бирдамлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин АҚШ разведкаси Россияга “Крокус Сити Ҳолл”да теракт содир этилиши эҳтимоли ҳақида маълумот юборганини тан олган, аммо бу жуда умумий бўлганини айтганди. “The Washington Post” газетаси эса икки америкалик расмийга таяниб, “Крокус Сити Ҳолл”даги терактдан икки ҳафтадан кўпроқ вақт олдин, 6 март куни АҚШ расмийлари Россияни ушбу жой ҳужум учун потенциал нишонга айланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганини ёзди

Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев Остонада бўлиб ўтган ШҲТ мажлисида теракт Киев томонидан ташкиллаштирилганини айтди ва теракт учун жавобгарликни бўйнига олган ИШИД ва бошқа террорчи ташкилотларни АҚШнинг ўзи яратганини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Эмманюэль Макрон Сергей Шойгу ]

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг