Ғалаба учун барча имкониятларни ишга соламиз – Каннаваро
Спорт
−
06:06 2331 2 дақиқа
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи сўнгги туридан ўрин олган Конгога қарши баҳсда ғалаба қозониш учун майдонга чиқишини айтди. Бу ҳақда Каннаваро ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида сўз очди.
Италиялик мутахассис рақиб ҳақида тўхталиб, Конго кучли ва тажрибали жамоа эканини таъкидлади.
“Конго жуда яхши жамоа. Улар тажрибали ва жисмонан яхши тайёргарликка эга. Бироқ биз уларни мағлуб этиш учун ҳаракат қиламиз. Эртагаги ўйин бошқача бўлади, чунки биз аввалги икки турда энг юқори савиядаги рақибларга қарши майдонга тушдик. Охирги учрашувни таҳлил қилдик ва хулосалар чиқардик”, дейди Каннаваро.
Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси устози дарвозабонлар танловига ҳам алоҳида изоҳ берди.
“Биринчи ўйинда Юсупов яхши ҳаракат қилди. Биз бошқа дарвозабонимизга ҳам имконият беришни истадик. Жамоамизда юқори савиядаги уч нафар дарвозабон бор. Мен ҳар бир футболчига имконият беришга ҳаракат қиляпман, чунки бу улар учун муҳим тажриба”, дейди у.
Мураббийнинг айтишича, Жаҳон чемпионати Ўзбекистон терма жамоаси учун катта тажриба мактабига айланмоқда.
“Биз бу турнирда жуда кўп нарсани ўрганяпмиз. Жамоа сифатида ўсишимиз мумкин, чунки юқори даражадаги рақибларга қарши ўйнаяпмиз. Эртанги баҳс ҳам ривожланишимизга хизмат қилади”, дея қўшимча қилди Каннаваро.
Италиялик мутахассис футболчилардан босимни олиб ташлашга ҳаракат қилганини ҳам таъкидлади.
“Илк кунларданоқ футболчиларга босимни ҳис қилмаслик кераклигини айтдим. Қуръа ташланганидан кейин ҳам уларга эркин ўйнаш кераклигини таъкидладим”.
Шунингдек, у Конгога қарши баҳсда жамоа ғалаба учун майдонга тушишини билдирди.
“Аввалги икки ўйинда жуда кучли рақибларга қарши ўйнадик. Шу боис эртанги баҳс бошқача ўтади. Мен мураббий сифатида ўйин сифатини оширишга ва футболчиларга ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Қўлимиздан келган барча имкониятни ишга солиб, ғалаба қозониш учун ҳаракат қиламиз”, дейди Фабио Каннаваро.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Конго Демократик Республикаси терма жамоалари ўртасидаги учрашув эртага, 28 июнь куни Тошкент вақти билан 4:30 да бошланади. Жаҳон чемпионатидаги юришини давом эттириши учун Ўзбекистон терма жамоаси рақибни 5 та тўп фарқи билан мағлубиятга учратиши керак бўлади. Плей-оффга чиқиш учун Конго ДР терма жамоасига ҳар қандай ҳисобдаги ғалаба қаноатлантиради.
Live
Барчаси