G7 йиғилишида Марказий Осиё масаласи ҳам кўтарилди
Олам
−
17 Апрель 2023
7978G7 мамлакатлари Ташқи ишлар вазирлари Марказий Осиё давлатлари дуч келаётган муаммоларни ҳал этишда ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Бу ҳақда бугун, 17 апрель куни Япониянинг Каруизава шаҳридаги учрашувлар бўйича эълон қилинган баёнотда сўз борди.
“Марказий Осиё бўйича йиғилишга раислик қилган Япония Ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаяши минтақанинг бешта давлатини (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон), улар дуч келаётган муайян муаммоларни ҳал қилишда қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади”, дейилади Япония ТИВ баёнотида.
G7 вазирлари эса катта еттилик мамлакатлари минтақа муаммоларини ҳал қилишда ҳамкорликни давом эттириши ҳақидаги фикрга қўшилган.
Таъкидлаш жоизки, Япония охирги пайтларда Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. 2022 йил ноябрь ойида Токиода ҳукмрон Либерал-демократик партия раиси ўринбосари, собиқ бош вазир Таро Асо бошчилигида Япония ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги дўстлик бўйича парламент аъзолари уюшмаси ташкил этилди. 2022 йил декабрь ойи бошида Япония пойтахтида минтақа давлатларининг расмий ва бизнес вакиллари иштирокида Марказий Осиё инвестиция форуми ҳам бўлиб ўтди. 24 декабрда эса Токиода “Марказий Осиё плюс Япония” форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашуви бўлиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда G7’га раислик қилаётган Япония жорий йилнинг май ойида Хиросимада саммитга мезбонлик қилади. Саммит олдидан 16-18 апрель кунлари Нагано префектураси тоғларида жойлашган Каруизава курорт шаҳрида G7 Ташқи ишлар вазирлари йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Олдинроқ мазкур йиғилиш иштирокчилари Россияга санкцияларни кучайтиришга келишиб олган эди.
LiveБарчаси