G7 Украинага нималар бермоқчилиги айтилди
Олам
−
12 Июль 2023
5442G7 Украина Қуролли кучлари ва иқтисодиётига узоқ муддатли сармоя киритиш режаларини эълон қилмоқчи. Бу ҳақда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг Европа бўйича катта директори Аманда Слоутнинг сўзларига таяниб, CNN телеканали хабар берди.
Расмийга кўра, бугун альянс Украина-НАТО кенгашининг таъсис йиғилишини, сўнгра АҚШ Президенти Жо Байден ва Украина раҳбари Владимир Зеленский ўртасидаги учрашувни ўтказади.
НАТО саммити якунлангач, G7 нинг бошқа етакчилари ва Зеленский билан бирга Байден Украинанинг ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва мамлакатга қўшимча ёрдам кўрсатиш ҳақида муҳим баёнот беради.
“Қўшма Штатлар G7 етакчилари билан биргаликда Украинага ўзини ҳимоя қила оладиган ва келажакдаги ҳужумларни тўхтата оладиган армия қуришда ёрдам бериш ниятимизни эълон қилади”, дейди Аманда Слоут.
Унинг таъкидлашича, ҳозир ва келажакда рус агрессиясини тўхтатишга қодир, Украинадаги жанговар кучларнинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган узоқ муддатли инвестициялар эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 11 июль куни қабул қилинган НАТО саммитининг якуний ҳужжатида Украинани альянсга қўшилиш таклифи фақат Россия билан можаро тугагач, барча шартлар бажарилгандан ва НАТОнинг барча мамлакатлари бир овоздан маъқуллангандан кейин берилиши мумкин. НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг бу содир бўлмагунча, НАТО Россия устидан жанг майдонида ғалаба қозониш учун Украинани барча турдаги қуроллар билан фаол таъминлашда давом этишини, акс ҳолда Украина учун хавфсизлик кафолатлари масаласи мантиқий бўлмаслигини айтган.
Маълумот учун, Вильнюсдаги НАТО саммитининг иккинчи кунида альянс ҳамкорлари – Европа Иттифоқи, Австралия, Янги Зеландия, Швеция, Жанубий Корея ва Япония билан ишлаш ва Хитойга қарши курашиш, шунингдек, Украинани қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилади.