G7 Фаластинни тан олишга чақирди
Олам
−
26 Ноябрь
2030Ҳозирги Фаластин-Исроил можароси Фаластиннинг тан олиниши билан икки давлатнинг тинч-тотув яшаши асосида якунланиши керак. Бу ҳақда бугун, 26 ноябрь куни G7 гуруҳининг Ташқи ишлар вазирлари йиғилиши якунлари бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда сўз боради.
"Биз икки демократик давлат – Исроил ва Фаластин халқаро ҳуқуқ ва БМТнинг тегишли резолюцияларига мувофиқ тинч ва хавфсиз ва тан олинган чегараларда бирга яшаётган икки давлат қарашларига содиқлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз", дейилади ҳужжатда.
G7 давлатлари, шунингдек, “Ғазо секторини Фаластин маъмурияти назорати остидаги Ғарбий соҳил (Иордан дарёси) билан бирлаштириш” тарафдори.
2024 йил июнь ҳолатига кўра, Фаластин давлати Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо 193 давлатдан 146 таси ёки БМТ аъзоларининг 75 фоиздан сал кўпроғи томонидан суверен давлат сифатида тан олинган. Жорий йил ёзда Норвегия, Ирландия, Испания, Дания ва Словения Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олди.
Бироқ "Фаластин-Исроил можароси Фаластиннинг тан олиниши билан икки давлатнинг тинч-тотув яшаши асосида якунланиши керак"лигини айтаётган G7 давлатлари – Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Япония уни ҳали суверен давлат сифатида тан олмаган. Хусусан, G7 аъзоси бўлган АҚШ сабаб Фаластин 2012 йил ноябрь ойидан бери Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясига аъзо бўлмаган кузатувчи давлат ҳисобланади. Бу БМТ Хавфсизлик Кенгашининг вето ҳуқуқига эга доимий аъзоси бўлган Қўшма Штатларнинг доимий равишда вето ҳуқуқидан фойдалангани ёки Фаластиннинг БМТга тўлиқ аъзо бўлишига тўсқинлик қилиш учун шундай қилиш билан таҳдид қилгани билан боғлиқ.
Эслатиб ўтамиз, G7 Ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг Италиядаги жорий учрашувида тайёрланган баёнотида Афғонистонга халқаро ҳамжамиятга қайта интеграциялашувида ёрдам бериш режалаштирилаётгани ҳам қайд этилганди.
LiveБарчаси
26 Ноябрь