Фаластинда ҳам “Al Jazeera” телеканали фаолияти тўхтатилди
Олам
−
02 Январь
2873Фаластин маъмурияти ўз ҳудудларида Қатарнинг "Al Jazeera" телеканали фаолиятини тўхтатишга қарор қилди. Бу ҳақда WAFA агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, қарор Фаластин Ички ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги ва Алоқа вазирлиги расмийларидан иборат қўмита томонидан қабул қилинган. Расмийлар канал “провокацион характердаги хабарларни қайта-қайта эфирга узатган” деган хулосага келган. Улар канални ёлғон маълумот тарқатиш ва Фаластиннинг ички ишларига аралашишда айблаган. Телеканалнинг Рамаллоҳдаги офиси ёпилган.
WAFA агентлигининг ёзишича, ушбу тақиқ телеканал Фаластин қоидаларига мувофиқ ўзининг ҳуқуқий мақомини ҳал қилмагунча амал қилади.
Маълумот учун, ўтган йили май ойида "Al Jazeera" телеканали Исроилда ҳам ёпилганди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси Исроил расмийларининг телеканални мамлакатда эфирга узатилишини тақиқлаш ҳақидаги қарорини танқид қилганди. Хусусан, БМТ Бош котиби вакили Стефан Дюжаррик ташкилот ОАВ эркинлигини чекловчи ҳар қандай қарорга қарши эканини айтганди.
Моҳимбегим Маъруфалиева
LiveБарчаси