G7 бутун инсониятга фойда келтириши керак – Эрдўған

Олам

image

Туркия Президенти  Ражаб Тойиб Эрдўған жорий йилнинг 13-15 июнь кунларига белгиланган ва ҳозирда давом этаётган еттилик гуруҳи аъзоларининг Италиядаги саммити инсониятнинг барча қатламига бирдек фойда келтириши кераклигини айтди. Бу ҳақда давлат раҳбари Х ижтимоий тармоғи (собиқ Тwitter)даги расмий саҳифасида хабар берди.

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Туркия G7 га аъзо давлатларнинг  глобал муаммоларга адолатли ёндашишини кутмоқда. Бундан ташқари, у минтақавий можароларни ҳал қилишда янада самарали ҳамда реал ёндашувни кутаётганини ҳам ёзиб қолдирган.

Еттилик гуруҳининг саммитига махсус меҳмон сифатида таклиф қилинган Туркия раҳбари иштирокидаги ушбу саммитнинг мавзуси “қоидаларга асосланган халқаро тизим” деб белгиланган.

G7 етакчилари томонидан ўтказилган йиғилишнинг иккинчи кунида миграцияга эътибор қаратилиб, одам савдосига қарши курашишда етакчилик қила бошлаган мамлакатларга, жумладан Туркияга сармоя киритишни кўпайтириш йўллари ҳам муҳокама қилинди. Бундан ташқари, уч кунлик саммитда Россия-Украина уруши ва Яқин Шарқдаги можародан тортиб, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда бугунги даврнинг бошқа долзарб муаммолари қаторида қоидаларга асосланган халқаро тизимни ҳимоя қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, Президент Эрдўған Исроилнинг бир неча ойдирки Ғазога қилинаётган ҳужумларига чек қўйиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Давлат етакчисига кўра, умуман олганда Туркия ноқонуний миграция ҳамда иқлим ўзгаришидан халқаро терроризмгача, шунингдек узилган таъминот занжирларигача бўлган тобора кучайиб бораётган муаммолар – минтақавий ва глобал тинчлик, барқарорлик ва инқирозни ҳал қилиш учун ёрдам беришга доимо содиқ қолади.

Маълумот учун, Президентга биринчи хоним Эмина Эрдўған, Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан, Президентнинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича бош маслаҳатчиси Элчи Акиф Чиғатой Қилич ва алоқалар бўйича вице-президент Чиғатой Ўздемир ҳамроҳлик қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италиянинг Апулия вилоятидаги Борго Эгнациа шаҳрида 2024 йилги G7 саммити бўлиб ўтгани, унда G7 давлатлари Украинанинг озодлиги учун доимо бирдам ҳаракат қилиши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрдўған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг