Украинанинг озодлиги учун доимо бирдаммиз – G7 давлатлари
Олам
−
15 Июнь
54332024 йилги G7 саммити Италиянинг Апулия вилоятидаги Борго Эгнациа шаҳрида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг расмий саҳифасида хабар берилди.
Унда EИ томонидан Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель ва Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен иштирок этди. Келтирилишича, ушбу саммит еттилик етакчилари учун қонун устуворлигига асосланган халқаро тартибни қўллаб-қувватлаш ва ривожланаётган давлатлар билан ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган қатъиятни намойиш қилишда зўр имконият бўлди.
Олтита ишчи сессияда кўриб чиқилган асосий масалалар Африка, иқлим ўзгариши ва ривожланиш, Яқин Шарқда давом этаётган вазият, Россиянинг Украинага қарши уруши, миграция, Ҳинд-Тинч океани ва иқтисодий хавфсизлик, сунъий интеллект, энергия, Африка-Ўрта Ер денгизи сингари масалалар бўлди ва саммит якунида етакчилар қўшма баёнотни имзолади.
G7 етакчилари саммитда Украинани сўзсиз қўллаб-қувватлаши ва Россиянинг халқаро ҳуқуқни очиқдан очиқ бузаётганини қоралашларини яна бир бор таъкидладилар.
“Биз Украинанинг озодлиги ва уни қайта қуриш учун курашини қўллаб-қувватлаш учун доимо бирдаммиз”, дейилади саммитда.
Учрашувда Президент Зеленский иштирокида G7 етакчилари Россия активларининг даромадларидан фойдаланган ҳолда, тахминан 50 миллиард доллар ажратишга қарор қилишди.
G7, шунингдек, ўзини ҳимоя қилиш учун Украинага ишлаб чиқариш ва етказиб бериш имкониятларини ошириш, Россияни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаётган Хитой ва учинчи дунё мамлакатларига қарши чоралар кўришни давом эттириш, Россиянинг энергия ва бошқа хомашёлардан тушадиган даромадларига сезиларли босим ўтказишни давом эттириш, Украинанинг барқарор иқтисодий тикланишига хусусий секторни жалб қилиш ҳамда Президент Зеленскийнинг тинчлик формуласидаги асосий тамойил ва мақсадларни халқаро қўллаб-қувватлашга эришиш бўйича ишларни давом эттириш сингари масалаларга ҳам тўхталиб ўтди.
Маълумот учун, ушбу саммит 13-15 июнь кунлари бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Байден G7 саммитига Россияга қарши санкция ва Украина хавфсизлиги бўйича келишув билан келгани, Буюк Британия саммитида Украинага 300 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратиши ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси