G20 вазирлари яна келиша олмади
Олам
−
01 Март
820620 та етакчи саноат ва ривожланаётган мамлакатларнинг Молия вазирлари ва Марказий банклари раҳбарлари Сан-Паулудаги йиғилишда қўшма якуний баёнот бўйича келиша олмади. Бунинг ўрнига G20 га раислик қилаётган Бразилия кеча, 29 февраль йиғилиш бўйича ўз хулосасини эълон қилди.
"Вазирлар жаҳон иқтисодиёти истиқболларини муҳокама қилар экан, Украина ва Ғазога эътибор қаратиб, ҳозирги урушлар, можаролар ва гуманитар инқирозлар бўйича фикр алмашди. Бразилиянинг G20 раислиги молиявий йўл геосиёсий муаммоларни ҳал қилиш учун энг мос форум эмаслигини таъкидлади ва бу масалаларни тегишли форум ва йиғилишларда муҳокама қилишни давом эттиришни таклиф қилди”, дейилади баёнотда.
Бразилия Молия вазири Фернандо Аддаднинг сўзларига кўра, якуний ҳужжат матни бўйича унинг геосиёсий таркибий қисми бўйича келишмовчиликлар туфайли келишиб бўлмаган.
Ўз навбатида, Германия Молия вазири Кристиан Линднер аввалроқ 28-29 февраль кунлари бўлиб ўтган учрашув якунлари бўйича қўшма коммюникеда геосиёсий можаролар, хусусан, Украинадаги уруш, “ҲАМАС терроризми” ва Ғазо секторидаги гуманитар вазият тилга олинмаса, уни қўллаб-қувватламаслигини таъкидлаган.
"Биз бу масалалардан қочишга қаршимиз. Гарчи биз марказий банклар раҳбарлари ва молия вазирлари бўлсак ҳам, биз мамлакатларимиз қадриятларини ифодалаймиз ва қоидаларга асосланган халқаро тартибни ҳимоя қилишимиз керак", дейди Линднер.
DPA агентлигининг ёзишича, Бразилия G20 йиғилишига мезбон сифатида фақат иқтисодий сиёсат масалаларига эътибор қаратган ҳолда геосиёсий инқирозлар ҳақидаги парчаларни якуний қўшма баёнотдан чиқариб ташламоқчи бўлган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил Ҳиндистоннинг Гандинагар шаҳрида бўлиб ўтган G20 давлатлари Молия вазирлари ва Марказий банклари раҳбарларининг йиғилиши иштирокчилари ҳам Украина мавзусидаги келишмовчиликлар туфайли қўшма баёнот борасида келиша олмаганди.