Азизов футболда нима билан курашмоқчилигини айтди
Спорт
−
15 Июль 2019
5488Аввалроқ, Абдусалом Азизов Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти этиб сайлангани ҳақида хабар берган эдик.
Янги сайланган президент Азизов йиғилишжа нутқ сўзлади.
“Ассалому алайкум ҳурматли конференция иштирокчилари!
Биринчи навбатда менга билдирилган бундай ишончингиз ва Ўзбекистон футбол ассоциациясининг президенти лавозимига лойиқ кўрганингиз учун миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман.
Юртимизда футбол биринчи рақамли спорт тури ҳисобланади. Шу кунгача бизнинг жамоалар Осиё минтақасида анчагина юқори натижалар кўрсатиб мухлисларни хурсанд қилиб келишди. Лекин, тан олиш керак ҳали футболимизда қилинадиган ишлар кўп. Бу ишларни амалга оширишда футбол тизимида малакали, ҳалол, футбол соҳасининг хақиқий мутахассислари фаолият олиб боришлари муҳим. Биз биргаликда футболимиз инфратузилмасини ривожантириш, футболчилар, мураббийлар, ҳакамлар, мухлисларга яратиладиган шароитлар ва яна кўплаб масалаларга эътибор қаратиб, якунда натижаларимизни яхшилаб боришга интилишимиз керак.
Яхши биласиз, футболни ривожлантиришга давлат даражасида катта эътибор қаратиляпти. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан футболни ривожлантиришга қаратилган бир қанча муҳим қарорлар қабул қилинган. Уларни ҳаётга тадбиқ этиш эса сиз-у бизнинг асосий вазифамиз ҳисобланади.
Олдимизда турган асосий вазифаларимиздан бири бу ички чемпионатимизни кучайтириш, мухлисларни стадионларга қайтариш, клублар ўртасидаги рақобатни кучайтириш.
Футболимизни орқага тортаётган иллатлардан бўлган келишилган ўйинлар ва тотализаторда иштирок этиш каби ҳолатлар билан кескин курашамиз.
Охирги йилларда мусобақа регламенти мунтазам равишда бузилиб келинганлигидан хаттоки халқаро футбол ташкилотларининг ҳам хабари бор. Бундан буёғига биз спорт принципларини устувор деб билиб, регламентни ҳурмат қилишимиз шарт!
Биз нафақат футболимизнинг бугунги куни, балки эртаси ҳакида ҳам ҳозирдан бош қотиришимиз керак. Бунинг учун болалар ва ўсмирлар футболидаги вазиятни тўлиқ ўрганиб чиқиб, зарур чора – тадбирлар орқали фарзандларимизга керакли барча шароитларни яратиб беришимиз керак.
Ҳаммамиз яхши тушуниб турибмиз, мухлислар биздан яхши натижалар, ютуқлар ва азалий орзулари бўлмиш жаҳон чемпионатига йулланма қўлга киритилишини кутишмоқда. Ундан ташқари олимпия терма жамоаси ҳам олимпиада лицензиясини қўлга киритишга ҳаракат қилади. Ушбу жамоалар мамлакатимиз футболи юзи ҳисобланади. Уларнинг халкаро майдондаги иштирокига барча шарт-шароитлар яратилади.
Ишонаманки, ана шу ишларни амалга ошириш йўлида барчамиз бирлашиб, аҳил футбол оиласи бўлиб хизмат қилсак, албатта ўз мақсадимизга эришамиз”, деди Азизов.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь