Футбол қачон ўзгаради?
Спорт
−
07 Сентябрь 2023
7018Футбол миллионлар ўйини. Ўзбекистонда ҳам футбол биринчи рақамли спорт тури ҳисобланади. Охирги йилларда шахсан давлат раҳбарининг ўзи футболга алоҳида эътибор қаратиб, ушбу турнинг ривожи йўлида қатор қарорларга имзо чекди. Бироқ 36 миллиондан ортиқ ўзбек халқининг ҳамон ягона орзуси – Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатига чиқиши ушалгани йўқ.
Шунингдек, ўзбек футболида бошқа бир қатор долзарб масалалар ҳам борлиги сир эмас. Жумладан, ёш футболчиларнинг 2-3 та турнирда ўзини кўрсатиб, кейинчалик “юлдузлик касали”га йўлиқиши ёки болалар футболидаги муаммоларни айтиш мумкин.
QALAMPIR.UZ ўзбек футболида қандай камчиликлар бўлса биринчи отилган тошларни қабул қилиб оладиган инсон, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов билан суҳбатлашди.
“Футболдаги энг оғир нуқтамиз – бу етук мутахассисларнинг етишмаслиги. Бизга энг кўп бериладиган савол Ўзбекистоннинг ЖЧга чиқмаётгани ҳақида бўлади. Бунга жавоб жуда оддий, яъни биз бир авлодни Жаҳон чемпионатида ўйнайдиган даражада тарбиялай олмадик. Буларнинг барчаси эса етук мураббийларнинг кам эканлигига бориб тақалади”, дейди Эрматов.
Интервью давомида Ирматов ёш футболчиларнинг эрта йўқолиб қолиши билан боғлиқ ҳолатлар, уларнинг миллий терма жамоа даражасига чиқа олмаслиги сабабларига ҳам изоҳ берди.
“2011 йил Мексикада ўтган ўсмирлар мундиалида жамоамиз кучли саккизликка кириб, Ўзбекистонда яхши авлод етишаётганини кўрсатиб берганди, бироқ ҳозирга келиб ўша футболчилардан ҳеч бири миллий терма жамоамизгача етиб келгани йўқ. Бунинг сабаблари эса жуда кўп. Профессионал футболчи ўз олдига улкан мақсадларни қўйиши керак. Бу муаммони руҳият билан боғлиқ сабаблари ҳам бор. Баъзи футболчилар мақтовлардан катта футболчи бўлдим деб ўйлаб, ўз устида ишламай қўяди. Агар бизда яхши психологлар бўлганда ўша футболчилар ҳозир ҳам профессионал даражада ўйнаётган бўларди” , дейди ЎФА биринчи вице-президенти.
Эрматов ЎФА 2023 йилнинг қолган қисмидаги режалари, вилоятлар футболи кесимидаги муаммолар ва Ўзбекистоннинг йирик футбол турнирларига мезбонлик қилиши билан боғлиқ саволларга ҳам жавоб қайтарди.
LiveБарчаси