Фуқарони дўппослаган ички ишлар ходимлари иши яна судда кўрилади
3-саҳифа
−
28 Сентябрь 2022
14219Фарғонада фуқарони дўппослаган ички ишлар ходимлари М. А. ва Б. Т. иши бўйича Фарғона вилояти прокурори томонидан кассация тартибида протест киритилган. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, профилактика инспекторлари М. А. ва Б. Т. Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судининг 2022 йил 14 мартдаги ҳукми билан ҳар иккисига нисбатан иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Мазкур жиноят иши Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясида қайта кўриб чиқилиб, 2022 йил 23 августдаги чиқарилган ҳукмга кўра М. А. ва Б. Т.нинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги сабабли айбсиз деб топилиб, уларнинг ҳар иккиси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан реабилитация қилинган.
“Фарғона вилояти прокурори томонидан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясининг 2022 йил 23 августдаги ҳукми устидан кассация тартибида протест келтирилган бўлиб, ушбу протест белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун расмийлаштирилаётганлиги маълум қилинади.
Ушбу жиноят иши Олий судда кассация тартибида кўрилиши бўйича суд жараёни якуни юзасидан батафсил ахборот берилади”, дейилади Олий суд хабарида.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 28 сентябрь куни куни ижтимоий тармоқларда Фарғонада Ички ишлар ходимлари бир неча киши гувоҳлигида фуқарони дўппослагани акс этган видео тарқалди. Видеода икки ходим фуқарони бўғиб, уриб, тепганини кўриш мумкин.