Фуқаро ё пропискада, ё ҳисобда туриши шарт – Қарор лойиҳаси

Жамият 7126
image

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби янада соддалаштирилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарор лойиҳасида қайд этилган.

Ҳужжатга асосан, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий прописка қилиш билан боғлиқ ҳаракатларни идоралараро электрон ҳамкорлик орқали “Ягона дарча” тамойили асосида “Манзил” автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга оширишни таъминлайди.

Белгиланишича, идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий прописка қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар:

•  Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида – 2020 йил 1 июлдан;

•  Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилади.

Таъкидланишича, фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ доимий яшаш жойларида пропискадан ўтишлари ва (ёки) турган жойларида ҳисобда туришлари шарт.

Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, турган жойи бўйича ҳисобга олинмаганлиги ёки доимий пропискада турмаганлиги фуқарога хизмат кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланиши мумкин эмас.

Фуқаролар янги яшаш жойига келган кунидан эътиборан ўн кун ичида доимий пропискага ёки ҳисобга туриш учун ҳужжатларни ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига (кейинги ўринларда МваФРБ деб аталади) тақдим этишлари шарт.

Туғилган бола ФХДЁ органи томонидан унга туғилганлик тўғрисида гувоҳномани  расмийлаштириш чоғида отаси ёки онасининг доимий прописка манзилига идоралараро автоматлаштирилган тизим орқали маълумотларни киритиш йўли билан доимий прописка қилинади.

16 ёшга тўлмаган фуқаро ота-онаси, уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг доимий прописка манзилига доимий прописка қилиниши ёки турган жойи бўйича ҳисобга қўйилиши шарт.

Фуқароларни доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олишни расмийлаштириш учун тегишинча Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшаб турган жойларига яқин бўлган МваФРБга мурожаат қилишлари мумкин.

“Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан тасдиқланган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифалари рўйхатининг 1, 6 ва 7-бандларига мансуб фуқаролар электрон кўринишда Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматидан фойдаланишлари мумкин.

Давлат хизматлари кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.

Шаҳноза Тўрамуротова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 137
Рейтинг: 3
t
×