Фуқаро ва давлат ўртасидаги низолар: маъмурий судловда нималар ўзгаради?
Бизнес
−
231 4 дақиқа
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг янги таҳририни тасдиқлашга қаратилган қонунни қабул қилди. Ҳужжат Сенатга юборилди. Ҳужжатда жамоавий даъво институтини жорий этиш, суднинг ишни кўриб чиқишдаги фаол ролини кучайтириш ва суд қарорлари ижросини таъминлашга оид таклифлар назарда тутилган.
Хўш, давлат идорасининг қарорига рози бўлмаган фуқаро қаерга мурожаат қилиши керак? Агар тадбиркорнинг қонуний манфаатлари маъмурий орган қарори туфайли бузилса, у ўз ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилиши мумкин? Энг муҳими, суд ҳақ бўлган томонни аниқлаганидан кейин қабул қилинган қарорнинг бажарилиши қандай таъминланади?
Бу каби саволлар маъмурий судлов тизимининг нақадар муҳим эканини кўрсатади. Зеро, фуқаро ва давлат органи ўртасидаги низода гап шунчаки бир қарор ёки ҳужжат ҳақида эмас, балки инсоннинг ҳуқуқи, қонуний манфаати ва давлатга бўлган ишончи ҳақида боради.
Маъмурий низоларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, уларда бир томонда давлат органи ёки мансабдор шахс, иккинчи томонда эса фуқаро ёхуд тадбиркор иштирок этади. Давлат идорасида ҳужжатлар, маълумотлар ва мутахассислар бўлиши мумкин. Фуқаро эса ўз талабини асослаш учун зарур маълумотларни олишда қийинчиликка дуч келиши эҳтимолдан холи эмас.
Бундай вазиятда суднинг вазифаси тарафлар тақдим этган ҳужжатларни формал текшириш билан чекланмаслиги лозим. Низонинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш, иш учун аҳамиятли далилларни талаб қилиб олиш ва ҳар икки томоннинг важларига холис ҳуқуқий баҳо бериш адолатли қарор қабул қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Қонун лойиҳасида айнан шу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Унда маъмурий суд ишларини юритишда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш назарда тутилмоқда.
Бу, суд фуқаро ёки давлат органи тарафини олади, дегани эмас. Аксинча, суднинг мустақиллиги ва холислигини сақлаган ҳолда ишнинг барча муҳим жиҳатларини тўлиқ ўрганиш, тарафларнинг процессуал ҳуқуқларини таъминлаш ва қонуний қарор қабул қилиш учун зарур шароит яратишни англатади.
Бир хил муаммога дуч келганлар жамоавий даъво билан мурожаат қилиши мумкин
Қонундаги муҳим янгиликлардан яна бири – жамоавий даъво (class action) институтини жорий этишдир.
Тасаввур қилайлик, муайян маъмурий қарор бир вақтнинг ўзида кўплаб фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қилади. Ҳар бир шахснинг алоҳида мурожаат қилиши вақт ва маблағ талаб этади. Бундай ҳолатларда жамоавий даъво механизми ўхшаш ҳуқуқий манфаатларга эга шахсларнинг суд орқали ҳимояланишини енгиллаштириши мумкин.
Қонунда жамоавий мурожаат қилишнинг асослари, шартлари ва тартиби белгиланиб, даъво турлари аниқлаштирилди. Бу бир хил ҳуқуқий муаммога дуч келган шахсларнинг ўз манфаатларини судда биргаликда ҳимоя қилиши учун ҳуқуқий асос яратади.
Яна бир муҳим жиҳат. Суд фуқаро ёки тадбиркорнинг ҳақлигини эътироф этгани билан унинг ҳуқуқи ҳар доим ҳам амалда тикланиб қолмайди. Бунинг учун суд қарори ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши керак.
Шу сабабли, лойиҳада давлат органлари томонидан суд ҳужжатларини ижро этишнинг таъсирчан механизмларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, ишларни кўриб чиқиш муддатларини аниқлаштириш ва аризаларни қабул қилиш, қайтариш ёки кўрмасдан қолдириш асосларини такомиллаштириш таклиф этилмоқда.
Бу ўзгаришларнинг аҳамияти шундаки, ҳуқуқий ҳимоя фақат судда қарор қабул қилиниши билан чекланмаслиги, балки бузилган ҳуқуқнинг амалда тикланишига ҳам хизмат қилиши лозим.
Қонунда фуқаролар ва тадбиркорларнинг маъмурий ҳужжатларга бўлган ишончини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, аризани қабул қилишни рад этиш, уни кўрмасдан қолдириш ёки қайтариш асосларини аниқлаштириш, шунингдек, прокурорнинг маъмурий суд ишларидаги иштирокига оид нормаларни халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ҳам назарда тутилган.
Буларнинг барчаси маъмурий судлов жараёнида ҳуқуқий аниқликни ошириш, ишларни кўриб чиқишда асоссиз тўсиқларни камайтириш ва процессуал адолатни таъминлашга қаратилган.
Маълумотларга кўра, 2017–2026 йилларда маъмурий судлар қарийб 150 мингта ишни кўриб чиққан. Шундан 55 фоиз ҳолатда фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича қарийб 27 мингта хусусий ажрим чиқарилган.
Бу рақамлар маъмурий судларнинг фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ўрнини кўрсатади. Айни пайтда давлат органлари фаолияти устидан суд назоратини янада кучайтириш, суд қарорларининг ижросини таъминлаш ва маъмурий низоларни ҳал этиш тартибини такомиллаштириш зарурати сақланиб қолмоқда.
Қонуннинг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилиши – маъмурий судлов тизимини такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадамдир. Унда назарда тутилган ўзгаришлар, аввало, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтириш, суд қарорларининг самарали ижросини таъминлаш ва давлат органлари фаолияти устидан суд назоратини кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шахноза Жолдасова,
Қонунчилик палатаси депутати
Live
Барчаси