Францияга йўл олаётган ўзбекистонлик футболчи жамоаси билан хайрлашди
Спорт
−
22 Июль 2023
8986“Энергетик-БГУ”нинг ўзбекистонлик футболчиси Абдуқодир Ҳусанов Беларусь клуби билан хайрлашди. Футболчи ўз Instagram саҳифасида жамоа билан бу ҳақдаги постини эълон қилди.
“Минскда ўтказган вақтим учун барчага чин қалбимдан миннатдорлик билдираман. Сизнинг қўллаб-қувватлашингиз туфайли мен ҳам футболчи, ҳам шахс сифатида ўсдим – янада етук бўлдим, янги синовларга тайёрман”, дейди Ҳусанов.
Шунингдек, футболчи Беларусь клубида катта ўсишга эришганини айтиб ўтди.
“Мен “Энергетик”га Ўзбекистонда кам танилган, ёш футболчи сифатида келдим ва ёшлар ўртасидаги Осиё кубогида ғолиб чиққан, 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этган терма жамоа футболчиси сифатида кетяпман. Жамоадошларим ва “Энергетик-БГУ” мураббийлар штабига раҳмат айтаман. Менга профессионал ўсишда ёрдам берган Анатолий Иванович Юревичга алоҳида раҳмат. “Энергетик” менга катта футболга йўл берди ва шунинг учун у менинг қалбимдан абадий ўз ўрнини эгаллайди”, дейди Ҳусанов.
Маълумотларга қараганда, футболчи фаолиятини Франциянинг “Ланс” клубида давом эттиради. Ҳозирда Ҳусановнинг агентлари ва “Ланс” клуби мутахассислари ўртасида музокаралар кетмоқда.
Ҳусанов ўтган мавсум клуб сафида умумий 10 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол урди. Унинг трансфер қиймати 400 минг еврони ташкил этади.