Франциядаги тартибсизликларга компьютер ўйинлари сабаб бўлди – Макрон
Олам
−
01 Июль 2023
6699Франция Президенти Эммануэль Макрон асли жазоирлик 17 ёшли ўсмир полиция томонидан отиб ташланганидан сўнг мамлакатда бошланган тартибсизликларда видеоўйинларни айблади. Бу ҳақда “The Telegraph” хабар берди.
Қайд этилишича, Макрон Франциядаги ҳозирги вазият бўйича ўтказган йиғилишида намойишларда қатнашаётганларнинг учдан бир қисми вояга етмаганлар экани ҳамда улар бунда компьютер ўйинларидан “илҳомланаётганини” айтган.
Давлат раҳбари ота-оналарга мурожаат қилиб, уларни тартибсизликларда ҳукуматни айблашдан олдин буни юзага келтирган болаларни ташқарига чиқармасликка чақирган.
“Уларни уйда сақлаш ота-оналарнинг масъулияти. Уларнинг ўрнига ҳаракат қилиш давлатнинг мажбурияти эмас”, дейди у.
Президент, шунингдек, медиа ташкилотларидан ижтимоий тармоқдаги тартибсизликлар, банкларнинг талон-торож қилиниши, баррикадалар ўрнатилиб, автомобиллар ёқилиши акс этган контентни ўчиришни сўраган.
“Платформалар ва тармоқлар сўнгги кунлардаги воқеаларда катта роль ўйнамоқда. Кўрдикки, Snapchat, TikTok ва бошқа бир қанча тармоқлар зўравонлик йиғинлари ташкил этиладиган жой бўлиб хизмат қиляпти. Бироқ зўравонликка тақлид қилишнинг бир шакли ҳам борки, бу баъзи ёшлар учун уларнинг реаллик билан алоқасини йўқотишига олиб келади. Бу худди улар ўзларини заҳарлаган видеоўйинларни кўчада синаб кўраётгандек тасаввур уйғотади”, дея қўшимча қилади давлат раҳбари.
Маълумотларга кўра, Франция шаҳарларида тартибсизликлар билан боғлиқ вазият кескинлашиб бормоқда. Биргина 29 июннинг ўзида тартибсизликлар фонида мамлакат бўйлаб 3880 та ёнғин содир бўлган. Ундан 1919 та автомобиль ва 492 та бино зарар кўрган.
Намойишчилар орасида илк бор 12 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларни ҳам учратишган. Улар 30-50 кишидан иборат уюшган гуруҳларда ҳаракат қилиб, ўт қўйишда қатнашган. Намойишлар, ҳатто, бошқа қитъада ҳам содир бўлди. Гап шундаки, Жанубий Американинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган Франция Гвинеясида ҳам намойишчилар полиция билан тўқнашган. Улар ахлат уюмларини ёқиб, машиналарга тош отишга уринган. Тартибсизликлар вақтида бир киши тасодифан ўқ еб, ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 июнь куни Париж яқинидаги Нантер шаҳрида полиция ходими йўл назорати пайтида бўйсунишни истамаган 17 ёшли асли жазоирлик ўсмирни отиб ўлдирганди. Шундан сўнг бутун мамлакатни норозилик намойишлари тўлқини қамраб олди. Бу пайтда Бельгиянинг Брюссель шаҳрида Европа Иттифоқи саммитида иштирок этаётган Эммануэль Макрон олдиндан режалаштирилган матбуот анжуманини бекор қилиб, шошилинч равишда Францияга қайтиб кетди. Юзага келган тартибсизликлар Бельгияга ҳам кўчиб, у ерда 64 киши, жумладан, 47 нафар вояга етмаган шахс қўлга олинди. Францияда эса ҳозирда погромлар ортидан ҳибсга олинганлар сони мингдан ортди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь