Францияда жазирама сабаб 131 киши сувга чўкиб, ҳалок бўлди
Олам
−
11 июл 2676 2 дақиқа
Францияда жорий йил 19 июндан буён давом этаётган кучли жазирама тўлқини сабаб 131 киши сувга чўкиб, ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Франция Спорт вазири Марина Феррарининг маълум қилишича, қурбонларнинг асосий қисмини 18 ёшгача бўлган ёшлар ҳамда 60 ёшдан ошган кекса фуқаролар ташкил қилган. Унинг сўзларига кўра, чўкиш ҳолатларининг 55 фоизи тақиқланган ёки назоратсиз жойларда чўмилиш оқибатида, яна 20 фоизи эса хусусий бассейнларда юз берган.
Европани қамраб олган кучли иссиқ ҳаво оқими сабаб Францияда аҳоли салқинлаш учун кўпроқ сув ҳавзаларига мурожаат қиляпти. Бироқ бу ҳолат бахтсиз ҳодисалар сонининг ошишига олиб келмоқда.
Франция ҳукумати жазирама сабаб кексалар, уйсизлар ва ҳимояга муҳтож аҳоли учун совитиш марказларини ташкил қилмоқда. Мамлакат шифохоналарига ўрнатилиши режалаштирилган 30 мингта кондиционердан 6 мингтаси аллақачон ишга туширилган.
Аввалроқ, Францияда 22–28-июнь кунлари кузатилган кучли жазирама даврида 2025 та ортиқча ўлим ҳолати қайд этилгани маълум қилинганди. Бу кўрсаткич аввалги ҳафтага нисбатан 29,1 фоизга ошган, Париж ҳудудида эса ўлимлар сони 62 фоизга кўпайган.
Франция Соғлиқни сақлаш вазири Стефани Рист ушбу рақамлар ҳали якуний эмаслигини ва иссиқ тўлқинининг оқибатлари бўйича кўрсаткичлар ошиши мумкинлигини билдирган.
Мутахассислар эса Европада кузатилаётган бундай кучли иссиқлик тўлқинларини иқлим ўзгариши билан боғламоқда. Франция Иқлим бўйича олий кенгаши мамлакатнинг глобал исишга қарши чораларини кучайтириш зарурлиги ҳақида огоҳлантирган. Метеорологлар прогнозига кўра, мамлакатда юқори ҳарорат жорий йил 14 июлгача сақланиб қолиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германияда 2026 йил бошидан буён кучли жазирама сабабли тахминан 5 120 киши вафот этгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси