Францияда тўполон: ҳукумат комендантлик соатини жорий этди
Олам
−
12:34 1609 2 дақиқа
Францияда яшаш харажатларининг ошишига қарши намойишлар оммавий тартибсизликларга айланганидан сўнг мамлакатнинг бир қатор шаҳарларида қисман комендантлик соати жорий этилмоқда. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Қайд этилишича, Франция шимолидаги тўртта шаҳарда, жумладан, Лилльда жорий йилнинг 19 ва 20 октябрь кунлари маҳаллий вақт билан соат 20:00 дан 06:00 гача қисман комендантлик соати амал қилади.
Парижнинг айрим ҳудудларида эса 19 октябрь куни соат 23:00 дан 20 октябрь куни соат 06:00 гача комендантлик соати жорий этилган. Пойтахтнинг бир қатор ҳудудларида шунингдек, 19 октябрь куни соат 20:00 дан 20 октябрь куни соат 06:00 гача намойишлар ўтказиш тақиқланган.
Франция жанубидаги Ницца шаҳрида ҳам вояга етмаганлар учун комендантлик соати жорий этилади. Шаҳар мэри Эрик Сьоттининг маълум қилишича, чеклов 19 октябрь куни соат 21:00 дан 20 октябрь куни соат 06:00 гача шаҳар марказининг айрим кўчаларида амал қилади.
Франция Бош вазири Себастьян Лекорню ҳудудий ҳокимият вакилларига янги тартибсизликлар ҳамда ўғриликларнинг олдини олиш мақсадида айрим ҳудудларда қисман комендантлик соатини жорий этишни топширган.
17 октябрь куни ўта шафқатсиз зўравонлик ва катта моддий зарар етказилганига қарамай, ҳеч ким ҳалок бўлмаган. “Бу мўъжиза”, деган Бош вазир ҳукуматнинг инқирозга қарши чораларини муҳокама қилишга бағишланган йиғилишдан сўнг.
Полиция айрим шаҳарларда вазиятни назорат қила олмаган
Франция Ички ишлар вазири Лоран Нуньес айрим шаҳарларда полиция вазият устидан назоратни йўқотганини тан олган. Унинг айтишича, талончилар ва вандалларнинг ҳаракатларига тўсқинлик қилиш ҳамда бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун бир қатор чоралар кўрилади. Шунингдек, дам олиш кунлари хавфсизлик кучлари сони янада оширилади.
Аввалроқ, Франция Президенти Эммануэль Макрон Ички ишлар вазирининг истеъфосини қабул қилмагани хабар қилинган эди. Елисей саройи баёнотида бундай қарор хавфсизлик кучлари бошқарувида узлуксизликни таъминлаш зарурати билан изоҳланган. Президент, шунингдек, тартибсизликларга олиб келган режалаштириш ва тезкор маълумот тўплашдаги камчиликларни тўлиқ ва шаффоф текшириш учун ички ишлар вазирига зарур чораларни кўришни топширган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция пойтахти Парижда намойишчилар яшаш харажатларининг ошишига қарши норозиликларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Лувр музейига кириш йўлларини тўсиб қўйгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси