Францияда тарихий сув тошқини, Испанияда кучли довул бўлди. Қурбонлар бор
Олам
−
16 Февраль 1381 2 дақиқа
Франция кетма-кет кучли ёмғир ва қишки бўронлар ортидан рекорд даражадаги сув тошқини хавфи билан юзма-юз турибди. Мамлакат метеорология хизмати маълумотига кўра, ҳудудларда 30 кундан бери узлуксиз “тўқ сариқ – хавф юқори” ёки “қизил огоҳлантириш – жуда хавфли об-ҳаво” режими амал қилмоқда. Бу ҳақда “Euronews” ёзди.
Сув тошқинларини мониторинг қилувчи “Vigicrues” хизмати 81 департамент ва 154 дарёда бир вақтнинг ўзида хавф қайд этилганини билдирган. Бу 1959 йилдан бери кузатилган энг юқори кўрсаткич. Ўтган ҳафта Францияда Нилс бўрони оқибатида икки киши ҳалок бўлган эди.
Жануби-ғарбда Гаронне дарёси ўз қирғоқларидан тошиб, йўллар ва уйларни сув босган. Мутахассислар тупроқ намликка тўйингани сабабли сувни шимиш қобилиятини йўқотганини айтмоқда.
Айни пайтда Ориана бўрони Испанияни қамраб олган. Соатига 166 км тезликдаги шамол шарқий, шимолий ва жанубий ҳудудларга жиддий талафот етказишга улгурган. Баск соҳили, Валенсия, Мальорка, Андалусия ва Барселонада транспорт қатнови издан чиққан, 3 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган. Мамлакатнинг Кастельон вилояти қизил огоҳлантиришга ўтган. Кучли шамоллар дарахтларни қулатиб, инфратузилмага зарар етказган. Ҳозиргача Франция ва Испанияда бўронлар оқибатида уч киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар жароҳатлангани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жорий йилнинг 16-17 февраль кунлари кутилаётган ёмғир ёғиши сабабли республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши мумкинлиги айтилган эди.
Мусулмон Содиқ