Францияда Лекорню раҳбарлигида янги ҳукумат тайинланди
Олам
−
13 Октябрь 2025 1167 2 дақиқа
Францияда янги ҳукумат таркиби эълон қилинди – бу воқеа Севастьен Лекорню қайтадан Бош вазир этиб тайинланганидан икки кун ўтиб содир бўлди. Бу ҳақда кеча, 12 октябрь куни Елисей саройи хабар берди.
Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро, Иқтисод ва молия вазири Ролан Лескюр, Маданият вазири Рашида Дати ва Адлия вазири Жерар Дарманин ўз лавозимларида қолди.
AFP агентлигининг ёзишича, янги ҳукумат таркибидаги 30 дан ортиқ вазир ва уларнинг ўринбосарлари орасида жамоатчиликка унча таниш бўлмаган шахслар ҳам бор. Президент Эммануэль Макрон эртага, 14 октябрь куни соат 10:00 да янги ҳукумат йиғилиши ўтказиши белгиланган.
6 октябрь куни истефога чиққан Севастьен Лекорню ортидан бор-йўғи тўрт кун ўтиб, 10 октябрь куни Макрон томонидан яна Бош вазир этиб тайинланди. Унга янги ҳукуматни шакллантириш вазифаси топширилди.
Лекорню истефога чиқиш сабабини 2026 йилги давлат бюджети бўйича келишувга эришилмагани билан изоҳлади. Қайта тайинланганидан сўнг у X ижтимоий тармоғида шундай ёзди:
“Французларни чарчатган сиёсий инқирозга ва мамлакат имижига зиён етказаётган беқарорликка чек қўйишимиз керак. Йил охиригача Франция бюджети қабул қилиниши учун бор имкониятимни ишга соламан”.
39 ёшли Лекорню – Франциянинг собиқ мудофаа вазири ва Макроннинг сиёсий ҳамкори. У илк бор жорий йил 9 сентябрь куни бош вазирликка тайинланган эди. У Макрон икки йил ичида тасдиқлаган бешинчи Бош вазир ҳисобланади.
Франциядаги сиёсий беқарорлик фонида, 12 сентябрь куни америкалик Fitch агентлиги мамлакатнинг қарз рейтингида пасайиш қайд этди – AA-дан A+ га туширилди, бу эса Франция тарихидаги энг ёмон кўрсаткич. Ҳозирги вақтда давлат қарзи ЯИМнинг 115%** ни ташкил этади – Европа иттифоқида бу кўрсаткич бўйича Франция Греция ва Италиядан кейин учинчи ўринда.
Лекорню қайта тайинлангач, ўнг қанотчи “Миллий бирлик” партияси раҳбари Жордан Барделла партияси дарҳол ҳукуматга ишончсизлик вотуми киритишини маълум қилди. Чап популистик “Енгилмас Франция” партияси эса Макронга қарши импичмент жараёни бошлаш ниятини билдирди.
2024 йилда илгари ўтказилган парламент сайловларидан кейин Франция Миллий Ассамблеяси (парламент қуйи палатаси) учта йирик лагерга бўлинди:
- Чап блок
- Центристлар (Макрон ва Лекорню шуларга киради)
- Ўнг популистлар
Ҳеч бир лагер 289 ўринлик мутлақ кўпчиликни қўлга кирита олмаган.
Live
Барчаси