Франция ва Греция мудофаа битимини яна беш йилга узайтиради
Олам
−
21 Апрель 849 2 дақиқа
Франция Президенти Эммануэль Макрон келаси ҳафта Грецияга ташриф буюриб, икки давлат ўртасидаги хавфсизлик ва мудофаа битимини янгилайди. Бу ҳақда Греция ҳукумати вакили “Reuters” агентлигига маълум қилди.
Франция ва Греция – узоқ йиллик НАТО иттифоқчилари 2021 йилда ўзаро ёрдамни назарда тутувчи мудофаа келишувини имзолаган эди. Ушбу битимга кўра, томонлардан бири ҳужумга учраса, иккинчиси ёрдам бериши керак. Шунингдек, келишув доирасида Афина Францияда ишлаб чиқарилган учта фрегат ва тахминан 24 та Dassault Rafale қирувчи самолётини харид қилган.
Макроннинг 24–25 апрель кунлари амалга оширадиган ташрифи давомида ушбу келишув яна беш йилга узайтирилади ва кейинчалик автоматик равишда янгиланиб боради.
Томонлар, шунингдек, денгиз хавфсизлиги ва Ҳормуз бўғозидаги вазиятни ҳам муҳокама қилади.
Сўнгги маълумотларга кўра, Эрон ушбу стратегик бўғоз устидан назоратни қайта тиклаганидан сўнг, у орқали юк ташиш вақтинча тўхтаб қолган. Бу эса АҚШ билан тузилган вақтинчалик сулҳ муддати якунланишидан бир неча кун олдин юз бермоқда.
Греция Европа Иттифоқининг Қизил денгиздаги кемаларни ҳимоя қилишга қаратилган денгиз миссиясига раҳбарлик қилади. Шу билан бирга, Афина Ҳормуз бўғозида ҳарбий операцияларда иштирок этишга қарши эканини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эммануэль Макрон Британия соҳилларига яқин Бретань ҳудудидаги баллистик ракета ташувчи сувости кемалари базасидан туриб мамлакат ядровий жанговар каллаклари сонини оширишни буюрганди. У “Франциянинг ҳаётий манфаатлари таҳдид остида қолса, ҳеч қачон иккиланмаслигини” таъкидлаган ва зарурат туғилса, Европа иттифоқчилари билан биргаликда “вазиятга қараб жойлаштириш” амалга оширилишини билдирган.
Live
Барчаси