Франция Украинага SCALP ракеталарини берди

Олам

image

Франция Украинага узоқ масофали “ҳаво-ер” типидаги SCALP ракеталарининг бутун синов партиясини тақдим этди, уларни етказиб бериш давом этади. Бу ҳақда Украинанинг Париждаги элчиси Вадим Омельченко "Левый берег" нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

"Французлар биринчи партиянинг бир қисми сифатида топширишга ваъда берган барча SCALP ракеталари аллақачон бизда. Бу партия синов тариқасида жўнатилган ҳамда етказиб бериш давом этмоқда”, дейди элчи.

Омельченконинг сўзларига кўра, Франция Украинага ушбу ракеталарни етказиб бериш тезлиги билан жуда яхши ишламоқда.

Франция Президенти Эммануэль Макрон жорий йилнинг 11 июль куни Вильнюсдаги НАТО саммитига келганидан сўнг, узоқ масофали ракеталарни Украинага ўтказиш нияти борлигини маълум қилган.

Мамлакат Қуролли кучлар вазири Себастьен Лекорнюнинг айтишича, ракеталарнинг бир қисми аллақачон етказиб берилган, қолганлари эса ташиш жараёнида. Вазир уларнинг сонини ошкор этишдан бош тортган.

“Reuters” хабарига кўра, Франция Украинага 50 дона SCALP ракеталарини етказиб бериш ниятида, бу ракеталар совет типидаги самолётларда фойдаланишга мослаштирилади.

Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Парижнинг Киевга узоқ масофали ракеталар етказиб бериш қарорини Украинадаги можарони кучайтириш йўлидаги атайлаб қилинган қадам деб атаган.

Маълумот учун, SCALP ракеталари Британия-Франция қўшма корхонасида ишлаб чиқарилади. Инглизлар уларни Storm Shadow, французлар эса SCALP деб атаган. Ракетанинг хусусиятлари Британия аллақачон Киевга етказиб берган Storm Shadow билан бир хил.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Украина SCALP

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг