Франция суди “Газпром”нинг вилласини ҳибсга олди
Олам
−
20 Февраль
5474Франция суди Лазур қирғоғидаги Рокбрун-кап-Мартин курортида жойлашган “Irina Maria” вилласига эгалик ҳуқуқини музлатиб қўйди. Расмий равишда у россиялик арман тадбиркори Самвел Карапетянга тегишли, бироқ Париж прокуратураси унинг ҳақиқий фойда олувчиси Россия нефть ва газ гиганти “Газпром”нинг шуъба корхонасидан бошқа ҳеч ким эмас, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда кеча, 19 февраль куни Франциянинг “Le Monde” газетаси хабар берди.
“Франция адлия тизими Украинада уруш бошланганидан бери энг катта жекпотни қўлга киритди”, дейилади хабарда.
“Le Monde”нинг ёзишича, маҳаллий аҳоли орасида “Villa del Mare” номи билан машҳур вилла 3 гектар майдонда жойлашган. Муассаса кўп қаватли асосий бинодан ташқари, учта бассейн, теннис корти ва вертолёт майдончасини ҳам ўз ичига олади. Ушбу мулкнинг умумий қиймати 120 миллион еврога баҳоланмоқда.
Виллага эгалик ҳуқуқини, шунингдек, унга эгалик қилувчи SNC Maritime Villa Holding компанияси акцияларини музлатиш ҳақидаги қарор 2024 йил 12 февраль куни қабул қилинган.
AFP’нинг ёзишича, “Irina Maria” вилласи Париж прокуратурасининг уюшган жиноятчиликка қарши курашишга ихтисослашган Junalco бўлими томонидан 2009 йил 11 декабрдан бери Париж, Кипр, Россия ва Рокбрюн-кап-Мартенда содир этилган пул ювиш жиноятлари бўйича тергов қилинган.
“2016 йилда “Газпром”нинг нефть бўйича шуъба корхонаси “Газпром Нефть” виллани Самвел Карапетянга сотган. Бироқ, Junalco’нинг дастлабки тергови давомида вилла ҳеч қачон "Газпром нефть" назоратидан чиқмаганлигини кўрсатувчи кўплаб фактлар аниқланди”, деб ёзади “Le Monde”.
Журналистлар таҳлил қилган ҳужжатларга кўра, Самвел Карапетян “Газпромбанк” томонидан берилган 115 миллион евро миқдоридаги кредит эвазига “Газпром Нефть”дан “Maritime Villa Holding SNC” кўчмас мулк компанияси акцияларини сотиб олган.
Маълумот учун, Самвел Карапетян кўчмас мулк, қурилиш, энергетика ва молия соҳаларида фаолият юритувчи “Ташир” компаниялар гуруҳи президенти. “Forbes” журнали тадбиркорнинг бойлигини 2,7 миллиард долларга баҳолаган.
LiveБарчаси